Бухорода хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш бўйича каскад тренинглар ўтказилмоқда
Бухоро вилоятида хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, жабрланганларни ҳимоя қилиш ва уларга самарали ёрдам кўрсатиш соҳасида мутахассисларнинг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган каскад тренинглар ташкил этилди.
Мазкур ўқув машғулотлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ҳамкорлигида, Жаҳон банкининг молиявий кўмаги билан «ИНСОН» лойиҳаси доирасида ўтказилмоқда.
Тренинглардан кўзланган мақсад зўравонлик ҳолатларини эрта аниқлаш, хавф даражасини баҳолаш, жабрланганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларга кўрсатиладиган ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам сифатини оширишдан иборат.
Каскад усулида ташкил этилган машғулотларда иштирокчилар эгаллаган билим ва кўникмаларини кейинчалик бошқа мутахассисларга етказиши назарда тутилган. Бу эса ўқув жараёни қамровини кенгайтиришга хизмат қилади.
Машғулотлар давомида жабрланганлар учун индивидуал хавфсизлик режасини ишлаб чиқиш, инқирозли вазиятларда самарали мулоқот ўрнатиш, шахсий маълумотлар махфийлигини таъминлаш ва такрорий руҳий жароҳатланишнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Интерактив усулларда ўтказилаётган тренингларда иштирокчилар гуруҳли муҳокамалар, вазиятли топшириқлар ва амалий машқлар орқали муаммоли ҳолатларни таҳлил қилиш, тўғри қарор қабул қилиш ҳамда жабрланганларни зарур хизматларга йўналтириш бўйича кўникмаларини мустаҳкамламоқда.
Шунингдек, зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга комплекс ёрдам кўрсатишда идоралараро ҳамкорликни кучайтириш, масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
[gallery-/32028]
Мазкур тренинглар мутахассисларнинг касбий малакасини ошириш, зўравонлик ҳолатларига тезкор муносабат билдириш ва хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизими самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА