Тил – миллат ва тамаддун кўзгуси
Инсоният тамаддунининг минг йиллик саҳифаларида маънавиятни шакллантирган ва миллий ўзликни белгилаган энг буюк кашфиёт – бу сўзсиз, тилдир. Тил шунчаки мулоқот воситаси эмас, балки миллатнинг боқий руҳи, унинг тарихий хотираси ва истиқболини таъминловчи маданий мезонидир. Миллат бор экан, унинг тили ҳам барҳаёт яшайди ва ривожланади.
Тилнинг коммуникатив, когнитив, кумулятив, номинатив ҳамда эмотив-экспрессив каби фундаментал функциялари инсон ҳаёти ва жамият тараққиётида беқиёс ўрин тутади. Назарий лингвистика асосчиси Вильгельм фон Гумбольдт таъкидлаганидек, тил ва миллий руҳ бир-биридан айрижўда яшай олмайдиган яхлитликни ташкил этади, тилнинг ўзи эса доимо ривожланиб борувчи тирик организмдир.
Ҳар бир халқнинг маънавияти, маданияти, миллий менталитети, урф-одатлари ва этнопсихологияси айнан унинг она тилида акс этади. Фольклор намуналари, мақоллар, достонлар, илмий ва бадиий асарлар тилнинг бой имкониятлари туфайли дунёга келади. Тил мавжудлигининг ва тарихий хотирани сақлашнинг энг муҳим шарти эса ёзувдир. Эрамиздан олдинги тўртинчи минг йилликда Месопотамия, Шумер ва Финикия заминида илк ёзувларнинг пайдо бўлиши маълумотларни тўплаш ва тарқатишда туб бурилиш ясади. Енисей ва Ўрхун дарёлари бўйларида топилган қадимги турк тошбитиклари ҳам туркий халқларнинг бой маданий мероси ва тамаддунидан далолат берувчи бебаҳо тарихий манбалардир.
Бироқ бугунги глобаллашув, шиддатли ахборот жамияти ва техноген тараққиёт даврида тилларнинг мавжудлигига жиддий таҳдидлар юзага келмоқда. Бугунги кунда сайёрамизда 7 мингга яқин тил мавжуд бўлса-да, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида турибди. Дунё аҳолисининг асосий қисми атиги бир нечта саноқли тилларда сўзлашади, аксарият кам сонли тилларда эса сўзлашувчилар бармоқ билан санарли даражада қолган. Масалан, итери, зангвал ёки Австралия ва Тасмания аборигенларининг тиллари каби юзлаб лингвистик бойликлар бутунлай сўниш арафасида ёки аллақачон тарихга айланиб бўлди. Тилнинг йўқолиши эса умумбашарий маданият учун тузатиб бўлмас йўқотишдир. Ана шу сабабли ЮНЕСКОнинг “Қизил китоби” жаҳон ҳамжамиятини тиллар ва маданий хилма-хилликни асраб қолишга чорлаб келмоқда.
Сайёрамиздаги минглаб тиллар орасида тарқалиш ҳудуди кенг бўлган ва алоҳида мақомга эга туркий тиллар, хусусан, ўзбек тили ўзининг бой тарихи билан ажралиб туради. Бугунги кунда ер юзида 50 миллионга яқин киши ўзбек тилида мулоқот қилади. Генезисида қарлуқ, қипчоқ ва ўғуз диалектлари мужассамлашган, араб ва форс тилларининг ижобий таъсирини олган тилимиз бой лексик ва грамматик қатламга эга. Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Беруний, Бобур ва бошқа кўплаб мутафаккирлар ушбу тилнинг мавқеини юксалтиришга беқиёс ҳисса қўшдилар. Бу эзгу ҳаракат буюк Алишер Навоий ижодида ўзининг оламшумул чўққисига эришди. Навоий “Хамса” ва “Муҳокамат-ул луғатайн” каби шоҳ асарларида туркий тилнинг бойлигини, уни юксак адабиёт ва илм-фан даражасига кўтариш мумкинлигини бутун дунёга исботлаб берди.
Мустақиллик остонасида, яъни 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган “Давлат тили ҳақида”ги қонун ўзбек тилига давлат тили мақомини берди ва унинг ҳуқуқий кафолатини белгилаб қўйди. Эътиборлиси, дунёдаги 7 мингга яқин тилдан атиги 200 таси давлат тили мақомига эга. Бу қонун, шунингдек, мамлакатимизда истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг ўз она тилидан фойдаланиш, урф-одат ва анъаналарини сақлаш конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлайди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзаги ва унинг келажагини белгиловчи асосий омилдир. Халқнинг тақдири унинг тили тақдири билан узвий боғлиқ. Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик, мустақил давлатчилик тимсоли ва бебаҳо маънавий бойликдир. Шу сабабли, давлат тилининг нуфузини юксалтириш, унга нисбатан юксак масъулият ва ҳурмат билан ёндашиш ҳамда уни авайлаб-асраб келажак авлодларга етказиш ҳар биримизнинг шарафли бурчимиздир.
Моҳира Холиқова,
Навоий инновациялар университети ректори,
филология доктори,
Халқаро экология академияси академиги