Тиббиётни рақамлаштириш жараёнлари қай даражада?
Барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш тизимида ҳам рақамли технологияларни кенг жорий этиш бугунги замон талабидир. Бу борада тизимли ишлар амалга оширилиб, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, беморлар учун қулайлик яратиш, шифокорлар меҳнатини енгиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Парламент қуйи палатаси мажлисида соғлиқни сақлаш вазири Э.Адиловнинг “Тиббиёт соҳасида рақамли технологияларни кенг жорий қилиш борасида амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Вазир соҳани рақамлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида тўхталар экан, 2024-2026 йилларда 77 мингта компьютер харид қилиниб, бугунги кунда компьютерлар сони 114 мингтага етказилганини қайд этди. Бу эҳтиёжнинг 87 фоизи бўлиб, жорий йил якунига қадар бу кўрсаткични 94 фоизга етказиш режалаштирилган. Планшетлар сони қарийб 44 мингтага етказилиб, умумий эҳтиёжнинг 73 фоизини ташкил этмоқда. Бундан уч йил аввал мазкур кўрсаткич атиги 4 фоизни ташкил этган.
Бугунги кунда 3 минг 500 дан ортиқ тиббиёт муассасаларида локал тармоқ тизимлари ташкил этилиб, 70 мингта компьютер ва 14 мингта принтерга бепул техник хизмат кўрсатилди. Натижада 128 миллиард сўм маблағ иқтисод қилинди.
Маълумки, тиббиёт муассасалари фаолиятини рақамлаштиришда DMED - ягона тиббиёт ахборот тизими муҳим ўрин тутмоқда. Унда электрон шифохона, электрон стационар, электрон лаборатория, электрон рецепт, электрон омбор, электрон реабилитация ва электрон йўлланма каби хизматлар жорий этилган.
Вазир ахборотига кўра, 2025–2026 йилларда DMED тизимини такомиллаштириш бўйича 491 та ташаббус амалга оширилган. 148 мингдан ортиқ имтиёзли электрон йўлланма расмийлаштирилган, шифокорлар фойдаланиши учун 65 миллиондан зиёд таҳлил ва тиббий кўрик маълумотлари шакллантирилган. Шунингдек, 126 та электрон журнал ва шакл, 28 та миллий ҳисобот рақамли кўринишга ўтказилган.

Бундан ташқари, бугунги кунга қадар 20 дан ортиқ функционал модуль ва хизмат ишлаб чиқилган бўлиб, улар 4 мингдан зиёд давлат тиббиёт муассасаси, 6 мингга яқин хусусий клиника, 11 мингдан ортиқ дорихона ҳамда 38 миллиондан зиёд фуқарони қамраб олган. Шунингдек, 44 миллиондан ортиқ лаборатория таҳлиллари рақамлаштирилган.
Вазир қайд этганидек, DMED тизимидаги ўзгаришлар натижасида шифокорларнинг битта бемор тиббий картасини расмийлаштиришга сарфлайдиган вақти 15-20 дақиқадан 4-5 дақиқага қисқарди. Бу тиббиёт ходимларининг вақтини тежаш ва бемор билан бевосита ишлаш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, тиббий хизматларнинг айрим жараёнлари ҳамон ортиқча қоғозбозлик ва маъмурий тўсиқ билан қолмоқда.
Муҳокамаларда депутатлар рақамли тизимларни жорий этишда сақланиб қолаётган айрим муаммоларга эътибор қаратди. Хусусан, давлат тиббиёт муассасаларида DMED тизими тўлиқ йўлга қўйилмагани, вазирликнинг рақамли платформалари хусусий тиббиёт ташкилотлари билан етарлича интеграция қилинмагани, айрим тиббиёт муассасаларида рақамли платформалар етарли даражада ишламагани оқибатида навбатлар юзага келаётгани қайд этилди. Бир қатор саволлар ва таклифлар ўртага ташланди.
Вазир ўз маърузасида келгусида ягона рақамли соғлиқни сақлаш платформасини ишга тушириш, электрон рецептни такомиллаштириш ва кенг жорий қилиш, рақамли бошқарув механизмларини ривожлантириш, тизимдаги маълумотларнинг захира нусхаларини яратиш, умуман, рақамли тиббиётда маълумотлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ҳамда фуқароларнинг шахсий маълумотлар дахлсизлигини қатъий таъминлаш муҳим вазифалардан эканини қайд этди.
Муҳокамалар якунида вазирнинг ахбороти маълумот учун қабул қилиниб, соҳада парламент назоратини самарали давом эттиришга келишиб олинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА