Сунъий интеллектни ривожлантиришда қандай чоралар кўрилмоқда? —Вазир ахборот берди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида депутатлар рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг “Сунъий интеллектни ривожлантириш, устувор йўналишларга кенг жорий этиш ҳамда бу борада белгиланган лойиҳаларнинг амалга оширилиш ҳолати тўғрисида”ги ахборотини эшитди.
Вазир қайд этганидек, мамлакатимизда Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси доирасида ушбу технологияларни давлат бошқаруви тизими, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳага кенг жорий этиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йил июль ойида “Электрон ҳукумат” тизими дата-марказида умумий қиймати 24 миллион АҚШ долларига тенг замонавий ҳисоблаш инфратузилмаси ишга туширилди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасида фойдаланиш учун 16 та HGX H200 картасига эга кичик кластер фаолияти йўлга қўйилди. Соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида эса 8 миллион долларлик сервер ускуналарини харид қилиш бўйича шартнома имзоланди.
— Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан эса рақамли ҳукумат, кадрлар тайёрлаш, соғлиқни сақлаш, ижтимоий соҳа, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқий ҳимоя, қишлоқ хўжалиги ҳамда экология каби йўналишларни қамраб олган 100 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳаларини амалга ошириш ишлари бошланган. 6,5 миллион ҳужжат, 6,1 миллиард сўз ва 20 миллиард токенни қамраб олган “Ўзбек тили корпуси” миллий маълумотлар тўплами шакллантирилган.

Кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида амалга оширилаётган “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари” лойиҳаси доирасида 1,6 миллиондан ортиқ ёшлар ўқитилиб, тегишли сертификатларга эга бўлди. Умумтаълим мактаблари учун 7 та, олий таълим муассасалари учун 3 та ўқув қўлланма ишлаб чиқилиб, 2026-2027-ўқув йилидан таълим жараёнига жорий этилди. Олий таълим муассасаларида эса 3 та сунъий интеллект лабораторияси очилди.
Ушбу чора-тадбирлар натижасида “IT Park”да сунъий интеллект йўналишидаги резидентлар сони 240 тага, кўрсатилган хизматлар ҳажми 895 миллиард сўмга, экспорт ҳажми эса 75 миллион долларга етди.
“Oxford Insights” ташкилотининг Ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёрлик индексида Ўзбекистон 195 та давлат орасида 8 поғона юқорилаб, 62-ўринни эгаллаган. 2026 йил 16 июлда Сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик бўйича Жаҳон ташкилоти (WAICO) таъсис битимини имзолаган 29 та давлат қаторидан жой олган, — деди вазир ўз ахборотида.
Шунингдек, вазир сунъий интеллект соҳасида қатор тажрибали мамлакатлар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилаётганини қайд этди.
Муҳокамаларда депутатлар бир қатор масалалар юзасидан савол ва таклифларини ўртага ташлади. Хусусан, йил якунига қадар серверлар сонини 24 тага, график карталар сонини эса 192 тага етказиш, 2027 йилда қуввати 7 экзафлопсдан ортиқ бўлган янги ҳисоблаш кластерини ишга тушириш лозимлиги қайд этилди.
Шунингдек, 2027 йил 1 февралга қадар “ai.gov.uz” миллий платформасида сунъий интеллектга асосланган дастурий маҳсулотлар Ягона реестрини ишга тушириш ва уни Давлат харидлари махсус ахборот портали билан реал вақт режимида интеграция қилиш каби қатор таклиф ва тавсиялар берилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА