Иордания нашри Шавкат Мирзиёевнинг неварасига ёзган мактубини эълон қилди
Иорданиянинг “Мадар ас-Саа” нашри Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатга давлат ташрифи чоғида самолёт бортида набираси Шавкатбекка ёзган мактубини араб тилида эълон қилди.
Нашрда “Ўзбекистон Президентининг Иорданияга кетаётиб самолётда ёзган шахсий мактуби: у кимга аталган?” сарлавҳаси остида чоп этилган материалда мактубнинг тўлиқ матни келтирилган.
Президент мактубни набирасига мурожаат билан бошлар экан, ўз ҳаётий тажрибаси, болалик хотиралари ва келажак авлод олдидаги масъулияти ҳақида фикр юритган. Шунингдек, илм олиш, меҳнатсеварлик, вақтни қадрлаш, қийинчиликлар олдида таслим бўлмаслик ва Ватанга садоқат каби қадриятларнинг аҳамиятига тўхталган.
Мактубда давлат раҳбари хорижий мамлакатларга ташрифлари сабабларини ҳам изоҳлаган. Унинг таъкидлашича, бундай сафарлар Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлигини кенгайтириш, ишончли шериклар орттириш ва мамлакат келажаги бўлган ёшлар учун тинч ҳамда фаровон ҳаёт шароитларини яратишга қаратилган.
Шавкат Мирзиёев болалик йилларини эслар экан, пахта далаларида меҳнат қилгани ва ўша даврдаги қийинчиликлар ҳақида ёзган. Президент сифатида болаларни пахта йиғим-теримидан озод этиш ва уларни таълимга қайтаришни дастлабки вазифалардан бири сифатида белгилаганини қайд этган. Бугунги кунда эса мамлакатда замонавий мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларини барпо этиш, дарсликларни янгилаш ҳамда ўқитувчилар салоҳиятини ошириш бўйича тизимли ишлар давом этаётганини таъкидлаган.
Мактубнинг алоҳида қисмида буюк аждодлар мероси ва ёшларнинг илм-фан соҳасидаги ютуқлари ҳақида сўз боради. Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва Маҳмудхўжа Беҳбудий каби алломалар мисол қилиб келтирилар экан, уларнинг илмий ва маънавий мероси ёш авлод учун ибрат экани урғуланган.
Шунингдек, Президент замонавий технологиялар ва сунъий интеллектдан оқилона фойдаланиш, хорижий тилларни ўрганиш, ҳар куни янги билим ва кўникмаларни эгаллаш зарурлигига эътибор қаратган. У вақтни инсоннинг энг қимматли бойликларидан бири сифатида таърифлаб, уни беҳуда сарфламасликка чақирган.
Мактуб якунида Ватанга муҳаббат, миллий рамзларга ҳурмат, ҳалоллик, камтарлик, меҳнатсеварлик ва инсонпарварлик каби фазилатлар ҳақида фикр билдирилган. Президент келажакда Ўзбекистоннинг тараққий этган давлатлар қаторида муносиб ўрин эгаллаши ёш авлоднинг билими, салоҳияти ва фидойилигига боғлиқ эканини қайд этган.
Иордания нашрида мактубнинг араб тилида тўлиқ эълон қилиниши нафақат Ўзбекистон Президентининг шахсий мурожаатини, балки мамлакатнинг бой тарихи, маънавий мероси, таълим соҳасидаги ислоҳотлари ва ёш авлодга қаратилаётган эътиборни ҳам арабзабон аудиторияга кенг етказиш имконини яратди.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА