Тиббиёт ютуқлари амалиётда қўлланади
Фарғона шаҳридаги "Фарғона экспо" марказида пластик жарроҳлик, косметология, эстетик тиббиёт ва соғлом узоқ умр кўриш масалаларига бағишланган "АТЛАС" биринчи халқаро кўп тармоқли конгрессининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган нуфузли халқаро анжуманда Россия, Италия, Франция, Бразилия, Польша, Жанубий Корея, Исроил, Латвия, Беларусь, Қирғизистон ва Қозоғистон каби мамлакатлардан келган етакчи мутахассислар, олимлар ва экспертлар, шунингдек, юртимизнинг турли ҳудудларидан соҳа вакиллари иштирок этмоқда.




Тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Шерзоджон Полвонов иштирок этиб, анжуман қатнашчиларини қутлади.
Бугунги кунда инсон саломатлигини асраш, ҳаёт сифатини яхшилаш ва соғлом узоқ умр кўриш учун замонавий тиббиёт ютуқларидан самарали фойдаланиш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА