Тиббиёт хабарлари
Пойтахтимизда 14 июнь Бутунжаҳон донорлар куни олдидан “Инсонийликнинг бир томчиси: қон беринг, ҳаётни сақланг” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Президентимизнинг жорий йил 20 январдаги тегишли қарорига мувофиқ, 2026-2030 йилларда мамлакатимизда қон хизматини ривожлантириш орқали донорлар сонини 900 минг нафарга, қон захирасини эса 450 минг литрга етказиш стратегик вазифа этиб белгиланган. Қолаверса, йил якунига қадар “Қон маҳсулотлари электрон ҳисобини юритиш” тизими тўлиқ ишга туширилади.
Бугунги кунда юртимизда донорлар учун кўплаб имтиёзлар белгиланган. Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан тақдирланганларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади.
Шунингдек, улар ҳар йили ўзлари учун қулай вақтда меҳнат таътилига чиқиши мумкин ва шаҳар йўловчи транспортидан (йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари) бепул фойдаланади. Санаторий-курортларда даволаниш учун эса йўлланмаларни навбатсиз олиш ҳуқуқига эга.
Тадбирда ўз қонини камида 40 марта, қон компонентларини 60 марта топширган беғараз донорларга “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони тантанали тарзда топширилди.
***
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Америка Қўшма Штатларининг "James Hollister Wellness Foundation" нотижорат хайрия ташкилоти вакилини қабул қилди.
Учрашув давомида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик, хайрия ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, меҳмон "GRAND PHARM LOGISTICS HUB" компаниясининг дистрибьюторлик-логистика мажмуаси фаолияти билан танишди. Унга дори воситалари ва тиббий буюмларни сақлаш ҳамда тарқатиш жараёнлари, сифатни таъминлаш тизими ва маҳсулотларни халқаро стандартлар талабларига мувофиқ сақлаш шароитлари тақдим этилди.
Мулоқот чоғида томонлар ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари юзасидан фикр алмашиб, конструктив мулоқотни давом эттириш ва ўзаро манфаатли ташаббусларни амалга оширишдан манфаатдор эканликларини билдирди.
***
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Транс-Каспий гепато-панкреато-билиар жарроҳлик ассоциациясининг II Халқаро конгресси ҳамда E-AHPBA Ғарбий-Шарқий Болқон бўлимининг қўшма йиғилишида Миллий тиббиёт маркази мутахассислари ҳам қатнашди.
Хусусан, Марказ Эндавизуал жарроҳлик бўлимининг тиббиёт фанлари доктори Аъзам Бобожонов бошчилигидаги трансплантологлар жамоаси мазкур нуфузли анжуманда илмий маъруза билан иштирок этиб, жигар трансплантацияси бўйича эришилган амалий натижалар ҳамда замонавий ёндашувларни халқаро ҳамжамият эътиборига ҳавола қилди.
Халқаро конгресс дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган етакчи жарроҳлар ва трансплантологлар ўртасида тажриба алмашиш, илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда соҳадаги энг илғор амалиётларни муҳокама қилиш учун муҳим майдон вазифасини ўтади.
***
Миллий тиббиёт марказининг Орттирилган ва туғма юрак нуқсонлари бўлимида фаолият юритаётган ўрта тиббий ходимлар учун навбатдаги ўқув машғулоти ташкил этилди.
Машғулот давомида халқаро олтин стандарт ҳисобланган JCI талаблари асосида ишлаш, “Кўк код” тизимида тезкор ва самарали ҳаракат қилиш, шунингдек, ҳамширалар компетенциясини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Дарс жараёнида ўрта тиббий ходимларнинг назарий ва амалий билимлари баҳоланиб, беморлар хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш ҳамда хизмат сифатини янада яхшилаш бўйича тавсиялар берилди.
***
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори ўринбосари Мирзоҳиджон Қодиров бошчилигида "NEOGALENPHARM" МЧЖ корхонаси вакиллари билан ZOOM платформасида онлайн учрашув ташкил этилди.
"NEOGALENPHARM" МЧЖ 2004 йилда ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистонда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган етакчи маҳаллий корхоналардан бири ҳисобланади.
Учрашув давомида корхона томонидан рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаларининг амал қилиш муддатини узайтириш мақсадида Марказга тақдим этилган 8 номдаги дори воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Шу билан бирга, корхона масъуллари томонидан билдирилган саволларга Марказ мутахассислари батафсил жавоб бериб, ҳужжатларни расмийлаштириш юзасидан тегишли тавсиялар айтиб ўтилди.
***
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ядро тиббиёти шифокори Саиджон Ҳасанбоев Австриянинг Вена шаҳрида бўлиб ўтаётган “Bringing Therapy Radioisotopes into Clinical Radiopharmacy – Some Regulatory Aspects” номли халқаро ўқув курсида иштирок этмоқда.
Мазкур курс Европа Ядро Тиббиёти Ассоциацияси (EANM/ESMIT) томонидан ташкил этилган.
Ўқув курси доирасида клиник радиофармациянинг замонавий йўналишлари, жумладан GMP талаблари, терапевтик радиофармацевтик препаратларни ишлаб чиқариш ва сифат назорати, радиацион хавфсизлик, норматив-ҳуқуқий тартибга солиш ҳамда радионуклид терапиясини клиник амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Курс давомида олинган билим ва тажрибалар Марказда ядро тиббиёти хизматини янада ривожлантириш, радионуклид диагностика ва терапия бўлимини ташкил этиш, шунингдек циклотрон мажмуасини барпо этиш лойиҳасини амалга оширишда амалий аҳамият касб этади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА