Чироқчида қишлоқ хўжалиги ерларига ноқонуний қурилиш қилинди
Қашқадарё вилоятида қишлоқ хўжалиги ерларидан мақсадли фойдаланиш устидан назорат кучайтирилмоқда. “Ўзагроинспекция” вилояти бошқармаси томонидан ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида ер қонунчилигига оид қатор қонунбузарлик ҳолатлари аниқланмоқда.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг январь–май ойлари давомида вилоятнинг 14 та туманида жами 217 та ер қонунчилиги бузилиши ҳолати қайд этилган. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 106 та материал тақдим этилган.

Хусусан, Чироқчи туманида фаолият юритаётган “Чоштепа даласи” фермер хўжалигига ижарага берилган 4,95 гектар суғориладиган экин майдонида ноқонуний қурилиш ишлари амалга оширилгани аниқланган. Бунинг оқибатида мазкур ер майдони қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқарилган. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ҳолат ортидан давлат ва жамият манфаатларига етказилган зарар 3 миллиард 740 миллион сўмдан ошган.

Шунингдек, тумандаги “Кенжаев Акбар Бердиёрович” фермер хўжалиги томонидан ҳам 3,08 гектар суғориладиган ер майдонида ўзбошимчалик билан қурилиш ишлари олиб борилгани маълум бўлди. Натижада қишлоқ хўжалиги ерлари муомаладан чиқарилиб, 2 миллиард 327 миллион сўмдан зиёд зарар етказилган.

Шундай қилиб, икки ҳолатнинг ўзида қишлоқ хўжалиги ерларига етказилган умумий зарар миқдори 6 миллиард сўмдан ошган.
Айни пайтда аниқланган қонунбузарликлар бўйича белгиланган тартибда ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилмоқда. Мутасаддилар ер ресурсларидан самарали ва қонуний фойдаланиш устидан назорат ишлари изчил давом эттирилишини таъкидламоқда.
Муҳайё Тошқораева
ЎзА