Тиббиёт хабарлари
Тошкентда Европа, АҚШ ва Канададан ташриф буюрган жаҳон даражасидаги онколог-экспертлар иштирокида EURO Master Course халқаро ўқув курси ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон, Озарбайжон, Албания, Арманистон, Беларусь, Греция, Қозоғистон, Қирғизистон, Польша, Руминия, Сербия, Словакия, Тожикистон, Украина ва Чехиядан 70 нафардан ортиқ мутахассис қатнашмоқда.
Курс доирасида иштирокчилар болалар онкологияси, нейрохирургия, нур терапияси, иммунотерапия ҳамда онкологик касалликка чалинган болаларни мультидисциплинар қўллаб-қувватлашдаги замонавий ёндашувларни муҳокама қилади.
Тадбир дастуридан маърузалар, интерактив тренинглар ва клиник ҳолатлар таҳлили ўрин олган.
***

Шунингдек, “Замин” халқаро жамоат фондининг «Эшитишни истайман!» лойиҳаси доирасида эшитишида нуқсони бўлган болаларга мўлжалланган ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ўқувчиларини республика миқёсида кенг кўламли аудиологик диагностикадан ўтказиш бошланди.
Педиатрия марказининг аудиолог-шифокорлари ишни 102-интернатдан бошлаб, турли хил эшитиш воситаларидан фойдаланувчи ҳамда эшитиш ва нутқ ривожланишининг турли даражасидаги ўқувчиларни текширувдан ўтказади.
Диагностика маълумотлари асосида динамик кузатув тизими йўлга қўйилиб, у ўсишни кузатиб бориш ҳамда эшитиш ва нутқни ривожлантириш жараёнига зудлик билан зарур ўзгартиришлар киритиш имконини беради.
Болаларни мустақил ҳаётга тайёрлашга қаратилган яна бир тадбир ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар раҳбарлари, коррекцион педагоглар ва психологлар учун ўтказилган амалий семинар бўлди.
Семинарда мутахассислар хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган замонавий педагогик технологиялар, инклюзив таълим усуллари ва амалий ечимлар, шунингдек, ўқув материалларини инклюзив ҳамда ихтисослаштирилган таълим шароитларига мослаштириш бўйича ўз билимларини мустаҳкамлаб олди.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА