Тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳужжатларига қўйиладиган талаблар белгиланди
Адлия вазирлиги Тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳужжатларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги йўриқномани (рўйхат рақами 3888, 07.07.2026 й.) давлат рўйхатидан ўтказди.
Унга кўра, тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 ноябрдаги 738-сон қарорига асосан тақдим этиладиган ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича ягона талаблар белгиланди.
Ҳужжатлар электрон ахборот тизими орқали тақдим этилаётганда умумий тартибда, тан олиш орқали ёки рўйхатга олиш маълумотларига ўзгартириш киритиш ва гувоҳнома муддатини узайтириш ҳолатларида эканлиги белгиланади.
Тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнини халқаро талаблар (IMDRF va GHWP) билан уйғунлаштириш назарда тутилди.
Тиббий жиҳознинг маркировкаси матнида қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим:
тиббий жиҳознинг номи, агар мавжуд бўлса товар белгиси, тиббий жиҳоз тўплам шаклида тақдим этилганда, ушбу тўпламга киритилган маҳсулотлар рўйхати;
ишлаб чиқарувчининг номи ва унинг юридик манзили, агар мавжуд бўлса товар белгиси ва ишлаб чиқарувчи давлат;
ишлаб чиқарилган сана, яроқлилик муддати, сақлаш шароитларига қўйиладиган талаблар, тиббий жиҳознинг партия/серия рақами;
стерил тиббий жиҳозда огоҳлантирувчи ёзув "STERIL", стерилизация усулига кўрсатма, мувофиқлик белгиси;
тиббий жиҳоз бир маротаба фойдаланиш учун мўлжалланган бўлса, бу тўғрида маълумот;
тиббий жиҳозни қўллашга доир чекловлар.
М.Қосимова, ЎзА