Фарзанд тақдири қонун ҳимоясида
Фарзандликка олиш, аввало, боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни талаб этадиган масъулиятли ҳуқуқий жараён. Шу боис Ўзбекистонда мазкур масала йиллар давомида такомиллаштирилиб, бугунги кунда аниқ ҳуқуқий тартиб асосида амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикасида фарзандликка олиш муқаддам туман (шаҳар) ҳокими қарори асосида амалга оширилган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли қонуни билан Оила кодекси ва фуқаролик процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Натижада 2013 йил 1 июндан бошлаб бу тоифадаги ишлар фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Мазкур тартибнинг моҳияти биргина расмий жараённи ўзгартириш билан чекланмайди. Унинг замирида инсон ва бола ҳуқуқлари устуворлиги, жараённинг шаффофлиги ва холислиги, фарзандликка олиш сирини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий оқибатлар ва бекор қилиш масъулияти каби муҳим мезонлар мужассам. АҚШ, Буюк Британия, Германия каби ривожланган давлатлар ва аксарият МДҲ мамлакатларида ҳам бола асраб олишнинг фақат суд тартибида амалга оширилиши мазкур ёндашувнинг халқаро амалиётда кенг қўлланилишини кўрсатади.
Амалдаги Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 29-боби (298-304-моддалар), Оила кодексининг 20-боби (151-172-моддалари) фарзандликка олиш билан боғлиқ масалаларни қамраб олган. Шунингдек, 2013 йил 11 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг “Судлар томонидан фарзандликка олиш ҳақидаги ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги (35-банддан иборат) 21-сонли қарори қабул қилинган.
Қонунчиликда фарзандликка олишнинг шартлари ҳам аниқ белгилаб қўйилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 300-моддасида фарзандликка олиш ҳақида аризага илова қилинадиган ҳужжатлар, Оила кодексининг 152-моддасида фарзандликка олиши мумкин бўлган шахслар, 154-моддасида фарзандликка олишда устун ҳуқуққа эга шахслар келтирилган.

Энг муҳими, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 151-моддасига кўра, фарзандликка олишга фақат вояга етмаган болаларга нисбатан ва фақат уларнинг манфаатларини кўзлаб йўл қўйилади. Яъни бу жараённинг марказида ариза берувчининг хоҳиши эмас, аввало, боланинг ҳуқуқи, манфаати ва келажаги туради.
Фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг (шахснинг) аризасига кўра, васийлик ва ҳомийлик органларининг фарзандликка олишнинг асослилиги ва фарзандликка олинаётган бола манфаатларига тўғри келиши ҳақидаги хулосаси ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан амалга оширилади.
Демак, фарзандликка олиш шунчаки оила таркибини кенгайтириш эмас, балки бир инсон тақдирини ўз зиммасига олишдек юксак масъулиятдир. Суд тартибининг жорий этилгани эса айнан шу масъулиятни қонун устуворлиги ва бола манфаатлари асосида таъминлашга хизмат қилади.
Жўрабек Худойназаров,
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах
туманлараро судининг судьяси.
ЎзА