Саудия портали Ўзбекистонннинг сайёҳлик салоҳиятини ёритди
Саудиянинг «Sayeh» порталида Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси ва замонавий сайёҳлик инфратузилмасига оид материаллар эълон қилинди.
«Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси» мақоласида Буюк Ипак йўлининг энг муҳим марказларидан бири бўлган Самарқанд шаҳри ва вилоятидаги ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий ёдгорликларга алоҳида эътибор қаратилган.
Муаллиф Регистон майдони, Гўри Амир мақбараси, Улуғбек расадхонаси, Бибихоним масжиди ва Шоҳи Зинда мажмуаларини тилга олади. Унинг фикрича, қадимий меъморчилик, мураккаб қадама нақшлар ҳамда мовий сиркор кошинларнинг ўзига хос жилоси илм-фан, санъат ва маданиятнинг кўп асрлик тараққиётини ўзида мужассам этган.
Мамлакатимиздаги бугунги инфратузилмага ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Материалда қайд этилишича, ривожланган меҳмонхоналар тармоғи, транспорт ва хизмат кўрсатиш соҳалари республика бўйлаб қулай саёҳат қилиш имкониятини кенгайтиради.
«Ўзбекистондаги ажойиб саёҳат таассуротлари» номли материалда кўплаб сайёҳлик йўналишлари ҳақида сўз боради.
Самарқанд, Бухоро, унинг Пойи Калон ансамбли ва Арк қўрғони, шунингдек, Хивадаги Ичан қалъа тарихий мажмуаси саёҳат қилиш тавсия этиладиган масканлар қаторига киритилган. Тошкент ўзига хос архитектураси ва машҳур метрополитенига эга замонавий мегаполис сифатида тасвирланган. Зомин ва Тянь-Шань тоғли ҳудудлари экологик туризм учун истиқболли йўналиш сифатида алоҳида қайд этилган.
Мақолаларда, шунингдек, миллий ошхонамиз, палов тайёрлаш анъаналари, шарқона бозорларимиз ва ҳунармандчилик устахоналарига ҳам эътибор қаратилади.
«Sayeh» порталидаги мақолалар Ўзбекистонни тарихий мерос, замонавий шаҳар инфратузилмаси ва анъанавий маданият билан уйғунлашган сайёҳлик манзили сифатида тасвирлайди. Меҳмонхоналар тармоғининг кенгайтирилиши, транспорт инфратузилмасининг такомиллаштирилиши ва сайёҳлик хизматларининг ривожлантирилиши мамлакат тарихи ва маданияти билан танишиш, шунингдек, табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш истагида бўлган хорижий саёҳатчилар учун қўшимча имкониятлар яратади.
Азиза Алимова, ЎзА