Тез ёрдамга интилган фидойи инсон
Айрим юртдошларимиз фаолиятида вақт қадри шунчалар баландки, улар бир лаҳза ҳам кечикиш, ишни кейинга қолдириш инсон тақдирини ҳал этиши ҳеч гап эмаслигини яхши билишади. Шу маънода, тез тиббий ёрдам хизмати вакиллари ўз ишини ўта масъулиятли, аммо шарафли деб ҳисоблашади.
Ўзбекистон Президентининг тиббиёт ходимлари куни арафасида эълон қилинган фармонига мувофиқ, Республика тез тиббий ёрдам маркази Давлатобод тумани бўлими фельдшери Дилшоджон Ибрагимовни “Соғлом турмуш” медалига муносиб кўрилгани ҳам аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, одамлар соғлигини муҳофаза қилиш йўлидаги машаққатли меҳнатга билдирилган юксак ҳурмат ва ишонч ифодасидир.

Ўттиз икки йилдан буён севган ўз касбини улуғлаб келаётган Дилшоджон Ибрагимов фидойилиги, меҳнатсеварлиги, катта тажрибаси, беморлар билан чиройли муомаласи билан жамоадошлари орасида меҳру ҳурмат қозонган намунали ходимлардан ҳисобланади.

– Халқимиз саломатлиги йўлида бел боғлаган жамоамиз бугунги кунда Давлатобод туманидаги 160 мингга яқин аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Бунинг учун муассасамиз ихтиёрида 12 замонавий машина, 13 тиббий бригада доимо шай, – дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази Давлатобод тумани бўлимининг бошлиғи Акмалжон Ҳакимов. – Бригадалар таркибида врачлик, махсуслаштирилган реанимацион, туманлараро асаб-руҳий касалликлар ва фельдшерлик йўналишлари мавжуд. Тизимда ҳар бир чақирув ортида инсон ҳаёти, ҳар бир дақиқада эса кимнингдир умиди ётади. Шу боис хизматда касбий маҳорат билан бирга тезкорлик ва одамийлик ҳам муҳим. Эътироф этиш жоизки, олий тоифали фельдшер Дилшоджон Ибрагимовда айни шу хусусиятлар мужассам. Чақирувлар давомида ҳар бир беморнинг дилига йўл топа олади. Айтилган топшириқларни сидқидилдан бажаради. Меҳнаткашлиги туфайли жамоамизда айниқса, ёш кадрларимиз устоз сифатида эъзозлашади.

1974 йилда Косонсойда таваллуд топган қаҳрамонимизни оқ халат кийишга меҳр уйғотган ҳамқишлоғи, моҳир шифокор Баҳодир Мирзааҳмедов бўлиб, унинг бетоб онасини даволаган. Бу ҳолат уни 1994 йили Наманган тиббиёт билим юртига етаклаган. Ўқишни муваффақиятли тамомлагач, меҳнат фаолиятини тумандаги Қозоқовул қишлоқ фельдшер-акушерлик пунктида бошлади. Кейинчалик Худойбердиев номли ширкат хўжалиги ҳудудидаги қишлоқ врачлик пунктида хизмат қилди. 2002 йилда эса Наманган шаҳар тез тиббий ёрдам станциясига фельдшер бўлиб, ишга олинди. Мана 24 йилдирки, ҳамюртларимизга тез тиббий ёрдам хизматини кўрсатиб келмоқда.

– Касбимизнинг ўзига хослиги шундаки, хонадонларга бориб, даво истагидаги кўнгилларга хурсандчилик улашиб, шифо улашиш инсонга сўз билан ифодалаб бўлмас беқиёс завқни беради. Ишимизни тартибга солишни имкони йўқ, – дейди “Соғлом турмуш медали” соҳиби Дилшоджон Ибрагимов. – Шундай вазиятлар бўладики, 12 соатлик навбатчилик давомида гоҳида 20 тагача чақирувга боришга тўғри келади, толасиз, аммо беморлардан миннатдорлик сўзларини эшитганингизда чарчоқларингиз тарқаб кетади. Айтиш керакки, аввалги тез тиббий ёрдамни бугунгиси билан асло солиштириб бўлмайди. Илгарилари, яқин ўн йиллар ичида ҳам “тез ёрдам” машиналаримиз эскирган, дориларимиз етишмасди. Бир бемор учун хизмат кўрсатиш харажати 1000 сўмга ҳам бормас эди. Гоҳида оддий таблеткалар етишмаса, баъзида шпирицлар бўлмасди. Уларни хонадон эгаларидан сўраган пайтларимиз кўп кузатилган. Бугун-чи? Ишимизга бўлган ғамхўрлик, яратилган шароитлар тубдан ўзгарди. “Ниссан”, “Вольфваген” русумли тез тиббий ёрдам машиналаримиз куну тун элимизга хизмат қилмоқда. Барча турдаги дори-дармонлар бор. Ҳозирда бир бемор учун давлат бюджетидан ўртача 5000 сўм харажат қилиняпти. Бу юртимизда инсон қадри улуғланаётганидан ёрқин нишона.
Камтарона меҳнатим эътиборга олиниб, давлат мукофотининг берилиши мени ғоятда хурсанд қилди. Тақдиримдан миннатдорман.

Дарвоқе, Дилшоджон Ибрагимов ишда илғор бўлиши билан бирга, оиласида ҳам намунали ота. Умр йўлдоши – Косонсой туманидаги 34-сонли умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Назирахон Ҳамроева билан икки ўғил ва бир қизни вояга етказиб, уларни элимиз корига ярайдиган муносиб инсонлар этиб тарбиялашди. Тўнғич ўғли ҳарбий, кенжаси Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси бўлса, қизи тумандаги болалар боғчасида услубчи бўлиб фаолият юритмоқда.

Қаҳрамонимиз билан суҳбатимиз айни қизғин паллага кирган кезда Дилшоджон ака Ибрагимов тумандаги маҳаллалардан биридан келган чақирув манзили томон ошиқди. Зеро, у учун халқимиз саломатлиги йўлида қайғуриш, одамлар дардига дармон бўлиш иш фаолиятидаги энг устувор мезондир.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири