Ҳалокатлар тиббиёти тизимини ривожлантиришга оид концепция лойиҳаси муҳокама қилинди
Тошкент шаҳрида МДҲга аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик Кенгашининг 39-йиғилиши ўтказилмоқда. Айнан ушбу нуфузли тадбир доирасида Республика тез тиббий ёрдам марказида халқаро ишчи учрашув ташкил этилди.
Унда Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги Н.Пирогов номидаги Миллий тиббий-жарроҳлик маркази Федерал ҳалокатлар тиббиёти марказининг халқаро фаолият координатори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Михаил Бистров қатнашди.
Мулоқот аввалида Республика тез тиббий ёрдам маркази директори А.Ғафуров юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасида, хусусан, тез тиббий ёрдам тизимида кечаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди. Шу билан бирга, у бу борада эришилган натижалар ҳамда ҳалокатлар тиббиёти тизимини ривожлантириш йўлидаги ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.
«Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳалокатлар тиббиёти тизимини ривожлантириш концепцияси» лойиҳаси тақдим этилди. Мазкур тақдимотда фавқулодда вазиятлар ва турли кўламдаги ҳодисалар оқибатида жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масаласига асосий урғу берилди. Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда тегишли идоралар ўртасида самарали ҳамкорлик ва ягона мувофиқлаштириш механизмларини яратиш зарурлиги қайд этилди.
Ушбу концепция лойиҳаси тизимни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган бўлиб, унда Ҳалокатлар тиббиётининг ягона бошқарув ва мувофиқлаштириш тизимини яратиш; Республика ҳамда ҳудудий даражаларда оператив штаблар ишини йўлга қўйиш; Ягона диспетчерлик хизмати «112» ва тез тиббий ёрдамнинг оператив бошқарув марказлари имкониятларидан унумли фойдаланиш; Тиббий авиацияни ривожлантириш ҳамда тезкор ҳаракатланувчи тиббий бригадаларни шакллантириш; Махсус автотранспорт ва тиббий захираларни ташкил этиш сингари муҳим йўналишлар кўзда тутилган.
– Ҳужжатда фавқулодда ҳолатларда зарур бўладиган бошқа амалий жиҳатлар ҳам қамраб олинган, – деди А.Ғафуров. – Хусусан, бундай вазиятларда тезкор хабар бериш ва ахборот алмашинувини таъминлаш концепциянинг ажралмас қисми ҳисобланади. Шунингдек, жабрланганларни тиббий саралаш, уларни босқичма-босқич эвакуация қилиш ва ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига йўналтириш ҳамда соҳа мутахассисларини махсус тайёрлаш вазифалари ҳам муҳим таркибий қисмлар сифатида белгиланган.
Учрашув якунида профессор Михаил Бистров тақдим этилган концепция лойиҳаси юзасидан ўзининг экспертлик фикр-мулоҳазаларини, амалий таклифларини билдирди. Асосий мақсад концепция лойиҳасини янада такомиллаштириш ва якуний ҳужжатга киритиш учун зарур жиҳатларни инобатга олиш.
Мазкур ишчи учрашув мамлакатимизда ҳалокатлар тиббиёти тизимини замонавий ёндашувлар асосида ривожлантиришга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА