Юртимизда ЎРВИ билан касалланиш даражаси эпидемик бўсағадан 38,4 фоиз паст
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабековнинг маълум қилишича, айни пайтда юртимизда мавсумий юқумли инфекциялар тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор. ЎРВИ билан касалланиш даражаси эпидемик бўсағадан 38,4 фоиз паст кўрсаткични ташкил этмоқда.
Куз-қиш мавсумида аҳоли орасида грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекцияларга (ЎРВИ) чалиниш ҳолатлари бироз ортиши кузатилади. Шу боис, мамлакатимизда мавсумий касалликларнинг олдини олиш ва аҳоли саломатлигини асраш мақсадида профилактик чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.
Вазиятни назоратда ушлаш мақсадида касалланиш динамикаси кунлик мониторинг қилиниб, жойларда тезкор штаблар фаолияти йўлга қўйилган. Ҳозирда мамлакатимизда 40 га яқин юқумли касалликлар шифохонаси ва 165 та туман тиббиёт бирлашмаларидаги юқумли касалликлар бўлимлари фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази, Вирусология илмий-тадқиқот институти ҳамда Тошкент шаҳридаги 5 та юқумли касалликлар шифохонаси беморларни қабул қилиб, даволаш ишларини олиб бормоқда. Инфекция қўзғатувчиларини аниқлаш учун 15 та вирусология лабораториясида мунтазам текширувлар ўтказиляпти.
Аҳолига тезкор тиббий хизмат кўрсатиш тизими ҳам тўлиқ сафарбар этилган. 1 минг 721 та тез тиббий ёрдам шохобчасида жами 2 минг 932 та бригада фаолият олиб бормоқда. Шу билан бирга, бирламчи бўғин муассасаларида чақирув асосида хонадонларга бориб тиббий ёрдам кўрсатувчи махсус бригадалар иши ташкил этилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, грипп ўткир юқумли касаллик бўлиб, унинг яширин даври одатда 1-4 кунни ташкил этади. Хавф гуруҳига асосан 6 ёшгача бўлган болалар, кексалар ва ҳомиладор аёллар киради. Хасталик тана ҳароратининг тўсатдан кўтарилиши, йўтал, бош, мушак, томоқ ва бўғимларда оғриқ ҳамда умумий ҳолсизлик билан намоён бўлади. Ўз вақтида даволанмаслик зотилжам, синусит ва отит каби жиддий асоратларга олиб келиши мумкин.
Юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли учун гриппга қарши вакциналар жойларга етказиб берилаётир. Шунингдек, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида санитария талабларига риоя этилиши ўрганилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни шахсий гигиена қоидаларига амал қилишга, гриппга қарши эмланишга, хоналарни тез-тез шамоллатиб туришга ва мавсумга мос кийинишга чақиради. Иммунитетни мустаҳкамлаш учун мева-сабзавотлар ҳамда қайнатмалар истеъмол қилиш тавсия этилади. Касаллик белгилари кузатилганда эса жамоат жойларига бормаслик, тиббий ниқоб тақиш, ўзбошимчалик билан даволанмасдан оилавий шифокорга мурожаат қилиш зарур.
М.Қосимова,
ЎзА