Техникаларни яхши сақлаш унинг мавсумда жадал ишлашини таъминлайди
“Ўзагроинспекция”нинг Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан жорий йилги терим мавсумида қатнашган пахта териш машиналарини давлат стандартлари асосида консервация қилиш ва қишки сақловга олиш ишлари тизимли назоратга олинган.
Хусусан, вилоят бўйича мавсумда иштирок этган жами 290 дона пахта териш машинасидан 152 таси (52 фоизи) тўлиқ консервация қилиниб, белгиланган тартибда сақловга қўйилди. Айни пайтда қолган 138 дона техникани махсус тавсиялар асосида сақловга тайёрлаш ишлари қизғин олиб борилмоқда.
Ҳудудлар кесимида олиб қаралганда, тоғолди ва марказий туманларда мавжуд техникаларни консервация қилиш ишлари юқори суръатда кетмоқда. Пахта майдонлари кенг ва техника парки ҳажми энг катта бўлган чўл ҳудуди туманларида эса кўп сонли терим машиналарини босқичма-босқич тозалаш, мойлаш ва сақловга қўйиш тадбирлари уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда.

Жараён давомида инспекция мутахассислари томонидан фермер хўжаликлари ва кластерларга ГОСТ 7751 – 85 талаблари ҳамда амалий тавсиялар асосида зарур кўрсатмалар берилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ГОСТ 7751 – 85 (“Қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган техника. Сақлаш қоидалари”) – тракторлар, автомобиллар, қишлоқ хўжалиги машиналари ва уларнинг таркибий қисмларини сақлаш тартиби ҳамда талабларини белгиловчи давлат стандартидир.

Ушбу стандартга мувофиқ, машиналар пахта қолдиқлари ва кирлардан пухта тозаланиб, ювилиб, тўлиқ қуритилмоқда ҳамда очиқ металл юзалар коррозияга қарши махсус воситалар билан мойланмоқда. Шунингдек, тез емириладиган резина деталлар, тасмалар ва аккумуляторлар ечиб олиниб, қуруқ омборларга жойлаштирилмоқда, комбайнлар эса ёпиқ ангар ёки бостирмалар остига олиниб, шиналар босимини камайтириш учун махсус тагликларга кўтариб қўйилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги техникаларини мавсумдан кейин консервация қилиш уларни куз-қиш ойларидаги ёғингарчилик, намлик, кескин ҳарорат ўзгариши ҳамда қуёш нурларининг салбий таъсиридан ҳимоя қилади. Агар техника ўз вақтида тозаланиб, мойланмаса, металл қисмларда занглаш (коррозия) жараёни бошланади, резина ва пластик деталлар эса ёрилиб, яроқсиз ҳолга келади. Бу эса келгуси йилги терим мавсуми олдидан эҳтиёт қисмлар ва таъмирлаш учун ортиқча маблағ ҳамда вақт сарфланишига олиб келади.

– Замонавий пахта териш машиналари ишлаш функцияси жиҳатидан юқори технологик, ярим автоматлашган мураккаб агрегатлар саналади, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси Техника ҳолатини назорат қилиш шуъбаси бошлиғи Алишер Ачилов. – Бугунги кунда далаларимизда кенг қўлланилаётган FMWORLD 4MZ-4 ҳамда Boshiran (4MZ-4A/4C) каби пахта териш комбайнлари мураккаб электрон ва гидравлик тизимли техникалар бўлиб, аксарият ҳолларда лизинг асосида харид қилинади. Уларни мавсумдан сўнг қоида ва стандартларга мувофиқ тўғри консервация қилиб сақлаш ушбу техникаларнинг узоқ йиллар давомида узлуксиз ва самарали хизмат кўрсатишининг энг асосий омилидир.
Техникаларнинг ўз вақтида ва сифатли консервация қилиниши уларнинг ишончлилигини сақлаб қолиш баробарида, ҳудуд қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири