Қашқадарёда озиқ-овқат хавфсизлиги назорати кучайтирилмоқда
Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида Қашқадарё вилояти озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармаси масъуллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, ўсимликлар карантини ва ҳимояси ҳамда ветеринария соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ва эришилган натижалар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, давлат раҳбарининг 2026 йил 12 майдаги тегишли фармони ва қарори асосида соҳаларда ягона давлат бошқаруви тизимининг жорий этилиши назорат самарадорлигини ошириш ва идоралараро ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Жорий йилда вилоятда 166,8 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга ошириш белгиланган. Ҳисобот даврида 122,6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниб, экспорт номенклатураси 30 турга етказилди. Маҳсулотлар 17 дан ортиқ хорижий давлат бозорларига йўналтирилди. Ўсимликлар карантини назорати остида 430,4 минг тонна маҳсулот экспорт қилинди.
Экспортбоп маҳсулотлар етиштириш мақсадида 20 та боғ, 18 та иссиқхона, 97 та дала майдони ва битта қадоқлаш корхонасида фитосанитария талабларига мувофиқ ишлар ташкил этилди. Шунингдек, 36 мингдан ортиқ деҳқон хўжалигининг 19 минг 794 гектар майдонига 112 нафар карантин инспектори бириктирилди.
[gallery-32626]
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш доирасида йилнинг ўтган даврида ишлаб чиқариш, умумий овқатланиш ва савдо соҳаларидаги 222 та объектда текширув ўтказилди. Натижада истеъмолга яроқсиз деб топилган 2 минг 720 килограмм маҳсулот белгиланган тартибда йўқ қилинди. Шунингдек, овқатдан заҳарланишга гумон қилинган икки ҳолат қайд этилиб, улардан бири Кўкдала туманида кузатилган ва 18 нафар фуқаро жабрланган.
Ветеринария соҳасида ҳам эпизоотик барқарорликни таъминлаш чоралари кўрилмоқда. 2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра вилоятда 1,6 миллион бошдан ортиқ йирик шохли мол, 4,7 миллион бошдан зиёд майда шохли мол ва 7,7 миллион бошдан ортиқ парранда парваришланмоқда.
Ўта хавфли юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида чегарадош ҳудудлардаги 55 та маҳаллада буфер ҳудудлар ташкил этилди. Бу йўналишда 125 та ишчи гуруҳ шакллантирилиб, уларга 530 нафар ветеринария мутахассиси бириктирилди.
Матбуот анжумани якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа масъулларидан жавоб олди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари