Қишлоқ хўжалигида лизинг ва суғурта: молиявий имкониятлар ва ишлаб чиқариш хавфсизлиги
Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида "Қишлоқ хўжалиги техникаси харид қилишда лизинг ва қишлоқ хўжалигида суғурта" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Германия тараққиёт банки (KfW) ва “Бизнес ва финанс консалтинг” (BFC) GmbH молиявий кўмагида ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, “Ўзагролизинг” АЖ, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармаси, суғурта компаниялари, аграр соҳа вакиллари, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти профессор-ўқитувчилари, вилоятдаги қатор фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари, кичик ва ўрта бизнес субъектлари раҳбарлари, шунингдек, қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган ва ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган хотин-қизлар иштирок этди.


Давра суҳбатида сўз олган Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нигорахон Юнусова, Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси раиси Адиба Аҳмаджонова томонидан қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, фермер ва деҳқон хўжаликларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири эканлиги, шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг асосида харид қилиш, экинлар, ҳосил ва чорва молларини суғурталаш орқали ишлаб чиқариш хатарларини камайтириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
– Тадбирдан кўзланган асосий мақсад, фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари, аграр соҳа вакиллари ва тадбиркорларнинг лизинг ва суғурта хизматлари ҳақидаги хабардорлигини ошириш, – дейди Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси раиси Адиба Аҳмаджонова. – Шунингдек, уларга мавжуд молиявий имкониятлар ва хизматлардан фойдаланиш механизмлари бўйича кенг маълумотлар бериш, замонавий техникалардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш хатарларини камайтиришга кўмаклашишдан иборат.


Давра суҳбатида “Ўзагролизинг” АЖ Андижон филиали директор ўринбосари Хайрулло Убайдуллаевнинг “Қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг асосида харид қилиш: шартлар, тартиб ва молиялаштириш имкониятлари”, филиали мутахассиси Отабек Бўриевнинг “Лизинг шартномаларида фермерларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари. Лизингга олинган техникани суғурталаш талаблари”, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ўқитувчиси Икромжон Абдумуталиповнинг “Бугунги кунда фойдаланилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари ва уларнинг самарадорлиги” мавзуларидаги маърузалари тингланди.
Очиқ мулоқот, савол-жавоблар жараёнида иштирокчиларнинг лизинг ва суғурта хизматларидан фойдаланишда дуч келаётган муаммолари, уларни бартараф этиш йўллари, молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда фермер хўжаликлари билан тегишли ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу тадбир фермер ва деҳқон хўжаликлари вакиллари, аграр соҳа тадбиркорларига лизинг ва суғурта хизматларининг мавжуд имкониятлари, улардан фойдаланиш шартлари ва механизмлари ҳақида кенг маълумотлар олиш имконини бериш билан бирга, молиявий хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш ҳамда амалий тажрибалар ўрганишга йўл очиб берди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири