Сариосиёлик ўқувчи бир вақтнинг ўзида 32 та университет грантига эга бўлди
Бугунги кунда халқаро таълим майдонида ўзбекистонлик ёшларнинг ютуқлари тез-тез тилга олинмоқда. Айрим натижалар эса нафақат муваффақият, балки бутун таълим тизими учун илҳом манбаига айланади. Сурхондарё вилояти Сариосиё туман ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиси — Акбар Достонов эришган натижа ана шундай тарихий ютуқлардан бири бўлди.
Акбар АҚШ, Швейцария, Италия ва Канаданинг нуфузли олийгоҳларидан жами 32 та таклиф(оффер) олди. Энг эътиборли жиҳати — унга тақдим этилган умумий грант маблағи 2 миллион 165 минг 800 АҚШ долларини ташкил этди. Бу натижа нафақат бир ўқувчининг шахсий муваффақияти, балки оила, мактаб ва ўқувчининг биргаликдаги меҳнати қандай улкан самара бериши мумкинлигини ҳам кўрсатди.

Акбар Достонов қабул қилинган университетлар орасида:
Ohio Northern University
Augustana College
Ohio Wesleyan University
Washington College
University of Dayton
Franklin University Switzerland
The American University of Rome
каби халқаро нуфузга эга таълим муассасалари бор.
Энг юқори грантлардан бири Ohio Northern University томонидан тақдим этилди — 232 минг долларни ташкил этади. Шунингдек, Augustana College 176 минг доллар, Ohio Wesleyan University эса 148 минг долларлик грант ажратган.
Энг катта таянч — оилавий муҳит бўлди
Акбарнинг ота-онасига кўра, бу натижа ортидаги асосий омиллардан бири — оилада яратилган муҳит ва фарзандга берилган ишонч бўлган. Уларнинг айтишича, фарзандларини фақат назорат қилиш эмас, балки уни тушуниш, фикрларини тинглаш ва орзуларига ишониш муҳим бўлган.

—Фарзандимизнинг 32 та университетдан таклиф олишида оилавий муҳитнинг ўрни жуда катта бўлди. Биз уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилдик. Айниқса, сифатли таълим олиши учун зарур шароитларни яратиб беришга эътибор қаратдик. Шу билан бирга, бу қийин жараёнда доим ёнида бўлиб, маънавий таянч бўлишга интилдик. Айнан шу ишонч ва қўллаб-қувватлаш унинг ўз мақсадига ишонч билан боришига ёрдам берди, — дейди улар.

Ота-она узоқ тайёргарликлар жараёнида “қийин бўляпти, тўхтатсакми?” деган фикр умуман бўлмаганини таъкидлайди.
— Чунки фарзандимиз илмга чанқоқ ва ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтишга ҳаракат қиладиган сабр-тоқатга эга. Биз фақат унинг йўлида суянч бўлишга ҳаракат қилдик.
Улар шунингдек, бошқа ота-оналарга ҳам муҳим маслаҳат беради:
— Фарзанднинг фикрини эшитиш, танловини ҳурмат қилиш ва унга ишониш жуда муҳим. Баъзан ота-онанинг оддий ишончи фарзанд учун энг кучли мотивацияга айланади.“
Замонавий мактаб энди глобал рақобатга тайёрлаши керак
Мактаб раҳбариятининг фикрича, бундай натижа тасодиф эмас. Бу — ўқувчи учун яратилган тизимли муҳит самараси.Уларнинг таъкидлашича, халқаро имтиҳонларга тайёргарлик, ҳужжат топшириш жараёнлари ва зарур ресурслардан фойдаланиш учун ўқувчиларга кенг имкониятлар яратилган.
—Мактабда яратилган муҳит ўқувчиларнинг диққатини фақат билим ва мақсадга қаратиш имконини берди. Раҳбариятнинг тўғри ёндашуви ва тизимли кўмаги шундай натижалар учун мустаҳкам пойдевор бўлди, — дейди мактаб директори.
Унинг фикрича, бугунги мактаб энди фақат дарс ўтиладиган жой эмас.— Замонавий мактаб ўқувчини глобал рақобатга тайёрлайдиган марказга айланиши керак. Ўқувчи фақат маҳаллий эмас, халқаро майдонда ҳам рақобатлаша олиши учун мактаб дунё миқёсида фикрлашни ўргатиши лозим, дейди яна у.
Мен ҳам шундай натижага эриша оламан
Акбарнинг муваффақияти мактабдаги бошқа ўқувчиларга ҳам катта мотивация бўлган. Мактаб жамоасига кўра, бу натижадан кейин ўқувчилар орасида халқаро университетлар, грантлар ва чет эл таълимига қизиқиш янада кучайган.
— Мактабимизда иқтидорли ва интилувчан ўқувчилар кўп. Лекин Акбарнинг бирвақтнинг ўзида 32 та университетдан таклиф олиши барча учун катта туртки бўлди. Ўқувчиларда “мен ҳам шундай натижага эриша оламан” деган ишонч пайдо бўлди.
Акбар Достоновнинг ютуғи нафақат бир оила ёки бир мактабнинг ғалабаси. Бу —Ўзбекистондаги иқтидорли ёшларга яратилаётган имкониятлар, халқаро таълимга интилиш ва янги авлоднинг улкан мақсадлари ифодаси. Энг муҳими, бу ҳикоя катта натижалар тасодифдан эмас — ишонч, меҳнат, муҳит ва тўғри йўналишдан туғилади деган ҳақиқатни яна бир бор исботлади.
М.Эшмирзаева, ЎзА