"Tesla"га Европа йўлларида “ёлғиз” юришга рухсат берилади(ми)?
"Tesla" компанияси Европада “Full Self-Driving” — ҳайдовчи назорати остида автомобиль бошқарувини автоматлаштирувчи тизимга тўлиқ рухсат олиш учун регуляторларга босимни кучайтирмоқда. Компания технологияни хавфсизликни оширувчи восита сифатида тарғиб қилмоқда, аммо мустақил экспертлар келтирилаётган далиллар бундай хулосани тасдиқламаслигини айтмоқда.
“Tesla” Нидерландияда муҳим рухсатни олган ва бу қарор Европа Иттифоқининг бошқа давлатларидаги жараёнга йўл очган. Компания ўз тадқиқотларида FSD қўлланган автомобилларни оддий ҳайдовчилар бошқарадиган машиналар билан таққослаган, аммо экспертлар маълумотлар автоҳалокатлар хавфини ишончли баҳолаш учун етарли эмаслигини билдирган.
Таъкидланишича, “Tesla” кескин тормозлаш, тезлашиш, бурилиш чироқларидан фойдаланиш каби ҳаракатларни мезон сифатида олган.
Америкалик тадбиркор Илон Маск Европа регуляторларини ортиқча бюрократияда айблаб, “Tesla” тарафдорларини тезроқ рухсат беришга чақирган. “Reuters” нашри ўрганган ҳужжатларга кўра, Нидерландия регулятори компаниянинг текширув кўлами ва синов усуллари бўйича бир қатор талабларига ён берган. Хавфсизлик мутахассислари FSD инсон ҳаётини сақлаб қолишини исботловчи ишончли далил ҳали йўқлигини таъкидламоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА