Термизнинг машҳур “афғон шамоли” жанубдан чекинади
Сайёрамизда иқлим ўзгариши, қурғоқчилик ва дарахт иҳотазорларининг камайиб кетгани шамол эрозиясини юзага келтириб, тупроқ унумдорлигига, инсон саломатига салбий таъсир этаётгани жиддий муаммога айланиб бормоқда. Мамлакатимизда бу ҳолатнинг олдини олиб, экологик вазиятни барқарорлаштиришга давлат даражасида эътибор қаратилмоқда.
Сурхондарё вилоятида ҳам “афғон шамоли” номи билан танилган кучли чанг бўронлари тупроқнинг унумдор қатламини кўчириб, деҳқончиликка зарар етказаётган, қум барханларини ҳосил қилиб, теварак-атроф ва аҳоли саломатлигига ўз таъсирини ўтказаётган эди.
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 31 мартдаги “Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида шамол эрозиясининг салбий таъсирини камайтириш ва экологик вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори бу муаммонинг ечимини топишнинг энг мақбул йўлларини белгилаб берди.
Қарорга мувофиқ эндиликда иҳота дарахтзорлари барпо этилиб, шамол тезлигини камайтириш ва тупроқни кўчишдан сақлаш учун махсус ҳимоя полосалари яратиладиган бўлди. Мониторинг тизими кучайтирилиб, экологик ўзгаришларни баҳолашда давлат космик мониторинги маълумотларидан фаол фойдаланиш йўлга қўйилмоқда. Эрозияга қарши курашиш учун ерларни қайта ишлашнинг замонавий ва тежамкор агротехник усулларини жорий этиш белгилаб олинди.

Мутахассисларнинг айтишича, айни пайтда қарор ижросини таъминлаб, шамол тезлигини камайтириш, экологик вазиятни барқарорлаштириш учун вилоятнинг Ангор, Жарқўрғон, Музработ, Қизириқ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳрида иҳота дарахтзорлари ҳамда “яшил белбоғ”лар барпо этиш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ангор туманининг М39 халқаро магистраль автомобиль йўли бўйидаги 102 гектар ер майдонига 261 минг туп ва “Қорақир” даҳаси ҳудудидаги 108 гектар ер майдонига вилоятдаги 6 та давлат ўрмон хўжаликлари 270 минг туп, Термиз тумани “Каттақум” даҳасида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари ташаббуси билан 82 гектар ер майдонида 218 минг туп дарахт кўчатлари экилиб, “яшил белбоғ” барпо этилмоқда. Янгиобод маҳалласи ҳудудидаги 31 гектар ер майдонда 12,7 минг туп элдор қарағай кўчатлари экилди.

Яшил бойликларни ўз вақтида суғориб, ундириб олиш ва парваришлаш учун томчилатиб суғориш технологияси жорий этилиб, битта сув қудуғи қазилди. Трансформатор ўрнатилиб, электр энергияси билан таъминланди. Ҳар бири 50 минг куб сиғимга эга тўртта сув ҳавзаси қурилиб, томчилатиб суғориш йўлга қўйилди.
Йирик маблағ ва меҳнат эвазига вилоятда теварак-атрофнинг аниқ режа ва мақсад асосида кўкаламзорлаштирилаётгани иқлимни юмшатадиган табиий тўсиқ, шамол ва чангдан ҳимоялайдиган “яшил қалқон” вазифасини ўтайди. Шамол тезлигини тўсиб, одамларнинг асрий орзуларини ушалтиради. Бу жараёнда ҳудуднинг иқлим шароитига мос элдор қарағайи, виргин арча, туя, тут ва катальпа сингари манзарали дарахт кўчатларини ўтқазишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Воҳада кучли шамоллар таъсирида чанг-тўзонлари кўтарилишининг олдини олишга хизмат қиладиган лойиҳа доирасидаги ишлар давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири