Кўчмас мулк бозори: Марказий туманлар билан шаҳар чекка ҳудудлари ўртасидаги нархлар тафовути ҳали ҳам юқори
Тошкент шаҳрида кўп қаватли уйлардаги квартиралар бозорида таклиф нархлари кенг диапазонда шаклланмоқда. Кадастр агентлиги ҳузуридаги Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази томонидан электрон савдо платформаларида жойлаштирилган эълонлар асосида ўтказилган навбатдаги таҳлил пойтахт туманлари ўртасида нархлар сезиларли даражада фарқ қилишини кўрсатди.
Таҳлил натижаларига кўра, 2026 йил июнь ойида Тошкент шаҳрида кўп квартирали уйлардаги хонадонларнинг 1 квадрат метр учун таклиф нархи 7 миллион сўмдан 57 миллион сўмгача бўлган оралиқда қайд этилган. Бу эса шаҳардаги жойлашув, инфратузилма, уйнинг ҳолати ва бошқа омиллар квартира қийматига жиддий таъсир кўрсатаётганини англатади.
Хонадонлар тоифаси бўйича энг паст ва энг юқори таклиф нархлари қуйидагича шаклланган. 1 хонали квартиралар сегментида энг арзон таклиф Бектемир туманида қайд этилиб, 1 квадрат метр учун 9 миллион сўмни ташкил этган. Энг қиммат таклиф эса Шайхонтоҳур туманида бўлиб, 50 миллион сўм/кв.мга етган. 2 хонали квартиралар бозорида энг паст таклиф Сергели туманида – 7 миллион сўм/кв.м, энг юқори таклиф эса Шайхонтоҳур туманида – 57 миллион сўм/кв.м сифатида қайд этилган.
Бу июнь ойида қайд этилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. 3 хонали квартиралар бўйича энг арзон таклифлар Янгиҳаёт, Яшнобод ва Сергели туманларида кузатилиб, 1 квадрат метр учун 8 миллион сўмни ташкил этган. Ушбу тоифада энг юқори нарх ҳам Шайхонтоҳур тумани ҳиссасига тўғри келиб, 42 миллион сўм/кв.мни ташкил қилган. 4 хонали квартиралар сегментида эса энг паст таклиф Бектемир ва Янгиҳаёт туманларида – 8 миллион сўм/кв.м, энг юқори таклиф эса Шайхонтоҳур туманида – 42 миллион сўм/кв.м бўлган.
Қайд этилишича, таҳлил электрон савдо платформаларида эълон қилинган таклиф нархлари асосида тайёрланган. Шу боис мазкур рақамлар амалга оширилган олди-сотди битимлари қийматини эмас, балки бозор иштирокчиларининг нарх бўйича кутилмаларини акс эттиради.
Ушбу маълумотлар пойтахт кўчмас мулк бозорида марказий туманлар билан шаҳар чекка ҳудудлари ўртасидаги нархлар тафовути ҳали ҳам юқори эканини, шунингдек, харидорлар ва инвесторлар учун бозор конъюнктурасини баҳолашда муҳим манба бўлиб хизмат қилишини кўрсатади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА