Такрорий экинлар озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлайди
Ғалла ўрим-йиғими якунланиши билан ерларни бўш қолдирмасдан, улардан яна бир ҳосил олиш амалиёти бугун қишлоқ хўжалигидаги энг муҳим стратегик йўналишлардан бирига айланмоқда. Бу нафақат ер унумдорлигини ошириш, балки аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда фермерлар даромадини кўпайтиришнинг энг самарали йўлларидан ҳисобланади. Ана шу мақсадда Бухоро вилоятида такрорий экинлар экиш, айниқса, картошкачиликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бухоро туманидаги “Панжи Файзобод” фермер хўжалигида ташкил этилган вилоят кўргазмали ўқув-амалий семинари бу борадаги ишларга янги суръат бағишлади. Унда қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари, агрокластерлар вакиллари, фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари иштирок этишди. Семинарга вилоят ҳокимининг ўринбосари Амрилло Назаров раҳбарлик қилди.
Тадбирда таъкидланганидек, 2026 йилда вилоятда 3 мингдан зиёд фермер хўжалигининг 62 минг гектар майдонига такрорий экинлар экиш режалаштирилган. Бунинг 10,7 минг гектари эртаги экинлардан, 51,3 минг гектари эса ғалладан бўшаган майдонлар ҳисобига тўғри келади.
Режага мувофиқ, 6,5 минг гектарда сабзавот, 1,5 минг гектарда полиз маҳсулотлари, 5 минг гектарда картошка, 2 минг гектарда ловия ва мош каби дуккакли экинлар, 32 минг гектарда эса чорвачилик учун озуқабоп экинлар етиштирилади.

Энг муҳими, ушбу дастур иқтисодий самара билан бирга кучли ижтимоий аҳамиятга ҳам эга. Такрорий экинлар учун ажратилган майдонларнинг 30 минг 722 гектари фермерларнинг ўз эҳтиёжлари учун қолдирилса, 21 минг 278 гектари 42,5 минг нафар фермер хўжалиги аъзоларига, яна 10 минг гектари эса “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 28,2 минг нафар ишсиз фуқарога бириктирилади. Бу эса ер орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилалар даромадини оширишга хизмат қилади.
Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, мазкур майдонларни ўз вақтида ва сифатли экиш учун 1 минг 845 тонна уруғлик, 7 минг 390 тонна ёқилғи-мойлаш материаллари, 15 минг 872 тонна минерал ўғит ҳамда бошқа зарур моддий ресурслар тайёрланган.
Бугунги кунга қадар вилоят бўйича 34 минг 617 гектар майдонга такрорий экинлар экилиб, ишлар жадал давом этмоқда. Энг диққатга сазовор жиҳати шундаки, ушбу майдонлардан 1 миллион 176 минг тоннадан зиёд қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш режалаштирилган. Бу рақамлар Бухоро нафақат ўз эҳтиёжини таъминлаш, балки ички бозор барқарорлиги ва мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам муносиб ҳисса қўшаётганини англатади.

Семинарда соҳа мутахассислари маҳаллий тупроқ ва иқлим шароитига мос, юқори ҳосилли картошка навларини экиш, илғор агротехнологияларни қўллаш, сувдан оқилона фойдаланиш ҳамда экинларни парваришлаш бўйича амалий тавсиялар берди.
Тадбирда иштирокчилар картошка етиштиришнинг замонавий усуллари билан танишиб, дала шароитида амалий кўргазмалар орқали янги тажрибаларни ўрганди. Бу эса илм-фан ютуқлари ва илғор агротехнологияларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этишда муҳим қадам бўлди.
Таҳлил шуни кўрсатадики, такрорий экинлар сиёсати бир вақтнинг ўзида бир нечта стратегик вазифани ҳал этади: ердан самарали фойдаланиш таъминланади, аҳоли бандлиги ошади, ички бозорда картошка ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари нархи барқарорлашади, фермерлар қўшимча даромад олади ҳамда экспорт салоҳияти юксалади. Айниқса, картошка етиштириш ҳажмининг кескин оширилиши импортга бўлган эҳтиёжни қисқартириш ва маҳаллий маҳсулотлар улушини кўпайтиришга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири