Термизда Халқаро оила кунига бағишланган тадбир ўтказилди
Фоторепортаж
Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида 15 май — Халқаро оила куни муносабати билан оила қадриятларини улуғлаш ва жамиятда соғлом оила муҳитини мустаҳкамлашга бағишланган маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фаол хотин-қизлар, ёшлар ҳамда намунавий оилалар иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, оила инсон ҳаётидаги энг муқаддас маскан бўлиб, унда меҳр-оқибат, миллий қадриятлар ва тарбия асослари шаклланади. Жамият тараққиёти, фарзандлар камолоти ва миллат келажаги, аввало, соғлом ҳамда мустаҳкам оила муҳити билан чамбарчас боғлиқ.
Сурхондарё вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зулхумор Хидирова кейинги йилларда мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритди.
Қайд этилганидек, Халқаро оила куни мамлакатимизда кенг нишонланиб келинмоқда. Шу билан бирга, ибратли ва намунавий оилаларни рағбатлантириш ишлари ҳам изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, вилоятда 2025 йилда 111 та намунавий оила эътироф этилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 121 тага етгани маълум қилинди.
[gallery-29444]
Тадбир доирасида “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танловининг вилоят босқичи иштирокчилари ва ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Фаол иштирок этган оилаларга ташаккурномалар, ғолибларга эса диплом ва “Ибратли оила” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.
Мусиқа ва куй-қўшиқлар билан безатилган тадбир иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат),ЎзА