Бугунги Сўх — янгиланишлар тимсоли
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятининг чекка ҳудудларидан бири саналган Сўх тумани бугун мутлақо янгича қиёфа касб этмоқда. Илгари транспорт ва логистика имкониятлари чекланган, иқтисодий алоқалари нисбатан заиф бўлган ҳудудда бугун изчил ислоҳотлар самарасида тараққиётнинг янги босқичи бошланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жорий йил 9 апрель куни Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилиб, ҳудудни комплекс ривожлантириш устувор вазифа сифатида белгиланди. Унда инфратузилмани янгилаш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Айни пайтда туманда 88,6 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар тизими босқичма-босқич такомиллаштирилмоқда. Хусусан, ўтган йилнинг ўзида қарийб 14 мингта янги иш ўрни яратилди.
Сўхда инвестиция муҳитини яхшилаш ва туризмни ривожлантириш устувор йўналишлардан бирига айланган. Жорий йил 27–28 апрель кунлари давлатимиз раҳбарининг туманга ташрифи чоғида экотуризм, агротуризм ва тиббий туризм соҳаларидаги салоҳиятга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, хорижий мутахассислар иштирокида замонавий мастер-режа ишлаб чиқиш ва уч йиллик ривожлантириш дастурини қабул қилиш белгиланди.
— Туман иқтисодий салоҳиятини тўлиқ ишга солиш учун инвестиция муҳитини янада яхшилашга устувор аҳамият қаратилмоқда, - дейди туман ҳокими ўринбосари Адҳамжон Сафаров. — Жорий йилда 40 миллион доллар инвестиция жалб қилиш, экспорт ҳажмини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш асосий мақсадимиздир.
Хусусан, Сариканда, Ровон ва Истиқлол маҳаллалари ҳудудидан ўтувчи Сўх дарёси бўйида замонавий туризм объектларини барпо этиш режалаштирилган. Шунингдек, 130 гектар майдонда йирик эко-курорт мажмуаси қурилиши бошланмоқда.
Истиқболли лойиҳалардан бири — “AK-MUS” туризм мажмуасидир. 60 гектар майдонни эгаллаган ушбу маскан тоғ бағрида жойлашган бўлиб, замонавий дам олиш инфратузилмаси босқичма-босқич барпо этилмоқда.
Туман иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги ҳам муҳим ўрин тутади. “Қайроқ” массивида 100 гектар майдонда қора олхўри боғи барпо этилаётир. Лойиҳа доирасида сув таъминоти тизими янгиланиб, 200 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Ҳушёр маҳалласида эса “Бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида кооперация йўлга қўйилиб, картошкачилик ва асаларичилик ривожлантирилмоқда.
[gallery-29450]
Умуман, туризм, қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорлик соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар Сўхнинг иқтисодий қиёфасини тубдан ўзгартираяпти. Энг муҳими, бу ўзгаришлар аҳоли фаровонлигида ўз аксини топмоқда.
Бугун Сўх нафақат чекка ҳудуд, балки янги имкониятлар эшиги очилган, жадал ривожланаётган замонавий маконга айланмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА