Энг яхши тарбиячилар сараланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилоятида мактабгача таълим тизимида фаолият юритаётган фидойи, ташаббускор ва юқори салоҳиятли педагогларни аниқлаш, уларнинг касбий маҳоратини ошириш ҳамда илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” касбий кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур танлов Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган низом асосида ташкил этилди. Унда туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган мактабгача таълим ташкилотлари директор ўринбосарлари ҳамда тарбиячилар иштирок этди.
Танлов жараёнида иштирокчилар “Энг намунали директор ўринбосари”, “Энг яхши ўйин орқали таълим берувчи тарбиячи”, “Энг яхши ижодкор-ихтирочи тарбиячи” каби 7 та номинация бўйича ўз билим, тажриба ва касбий салоҳиятини намоён қилди.
Танлов низомига мувофиқ иштирокчилар бир неча шарт асосида баҳоланди. Дастлаб соҳавий билим ва педагогик фаолиятга оид тест синовлари ўтказилди. Шундан сўнг иштирокчилар ўз номинацияси доирасида мактабгача таълим сифатини ошириш, болаларни ҳар томонлама ривожлантириш, ўйинга асосланган таълим усулларини жорий этиш ҳамда инновацион педагогик технологияларни қўллашга қаратилган лойиҳалар тақдим қилди.
Танловнинг муҳим босқичларидан бири сифатида педагогик маҳорат синовлари ташкил этилди. Унда иштирокчилар “Илк қадам” давлат ўқув дастури асосида очиқ машғулотлар ўтказиб, болалар билан ишлаш методикаси, ижодкорлиги ва таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш бўйича ўз маҳоратини намоён этди.
Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг билим ва кўникмалари, инновацион ёндашувлари, педагогик маҳорати ҳамда тақдим этилган лойиҳаларнинг амалий аҳамиятини белгиланган мезонлар асосида баҳолади.
[gallery-29449]
Қайд этилганидек, мазкур танлов мактабгача таълим тизимида фаолият юритаётган педагогларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва замонавий педагогик тажрибаларни кенг оммалаштиришга хизмат қилмоқда.
Танлов якунларига кўра, энг юқори натижа қайд этган иштирокчилар ғолиб ва совриндор деб топилди ҳамда республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА