Темир йўл бўйлари намунали ҳудудга айлантирилмоқда
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан эълон қилинган “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” ва “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари доирасида Тошкент вилоятида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Шу муносабат билан Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Янгийўл шаҳри, Зангиота, Янгийўл, Чиноз туманларидан ўтувчи темир йўл бўйларини обод этиш масалаларига бағишланган учрашув ва мулоқотлар ўтказди. Тадбирда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари мутасаддилари, тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла еттилиги аъзолари ҳамда нуронийлар иштирок этди.

Мулоқотлар давомида темир йўл бўйларида жойлашган маҳаллалар, кўчалар ва хонадонларни намунали ҳудудга айлантириш, бино ва иншоотларнинг ташқи қиёфасини замонавий кўринишга келтириш, ноқонуний ва тартибсиз қурилмаларни бартараф этиш, санитария ҳолатини яхшилаш, кўкаламзорлаштириш ишларини кенгайтириш ҳамда аҳоли иштирокида умумхалқ ҳашарларини ташкил этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Вилоят ҳокими темир йўл бўйлари ҳудудларнинг ўзига хос “ташриф қоғози” эканини таъкидлаб, ушбу масканлар озода, файзли ва намунали қиёфага эга бўлиши зарурлигини қайд этди. Ҳар бир маҳалла, кўча ва хонадонни обод этиш, аҳолининг бунёдкорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Таъкидланганидек, “Обод маҳалла – обод кўча – обод хонадон” тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар нафақат ҳудудларнинг ташқи қиёфасини яхшилаш, балки аҳолининг яшаш маданияти ва фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилади. Шундан сўнг вилоят ҳокими ҳудудларда олиб борилаётган қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларининг бориши билан жойида танишиб, уларни янада жадаллаштириш юзасидан масъулларга қўшимча вазифаларни белгилаб берди.
Жумладан, Янгийўл тумани ҳудудидан ўтган темирйўл атрофида жойлашган 7 та маҳаллада ободонлаштириш ва инфратузилмани яхшилаш чоралари кўриляпти. Ўрганилган манзилларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун Ободонлаштириш бошқармаси ишчи-ходимлари ишларни жадал суръатларда бошлаб юборди.
А. Мусаев, ЎзА