Таиланддан келаётган 34 килограмм гиёҳвандлик воситаси ушланди
Тошкент халқаро аэропортида 34,58 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди.
Божхона органлари томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш борасида амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар натижасида навбатдаги йирик контрабанда ҳолати фош этилди.
Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси тезкор бўлинмалари ҳамда “Тошкент халқаро аэропорти” чегара божхона пости ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати вакиллари билан ҳамкорликда ўтказган кўп босқичли тезкор тадбирлар давомида Таиланддан турли халқаро авиарейслар орқали гиёҳвандлик воситаларини Ўзбекистон ҳудудига олиб киришга уринган трансмиллий жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Жорий йилнинг июнь–июль ойларида амалга оширилган тезкор тадбирлар натижасида ўзаро боғлиқ бўлган 4 та ноқонуний уриниш аниқланиб, бартараф этилди. Аниқланишича, жиноий схема иштирокчилари божхона назоратидан четлаб ўтиш мақсадида хорижий давлатлар фуқароларидан, жумладан Ўзбекистонга биринчи марта ташриф буюраётган шахслардан фойдаланган. Шунингдек, бир нечта давлатлар ҳудуди орқали ўтувчи мураккаб авиамаршрутлар танланган.

Қонунбузарлар гиёҳвандлик воситаларини яшириш учун турли усуллардан фойдаланган. Хусусан, наркотик моддалар қуруқ сут, озиқ-овқат маҳсулотлари, шоколад пастаси, шампунь, кетчуп ҳамда турли зираворлар қадоқларига яширилган ҳолда олиб киришга ҳаракат қилинган.
Тезкор тадбирлар давомида жами 34,58 килограмм гиёҳвандлик воситаси, шу жумладан 11,62 килограмм “мефедрон” ва 22,96 килограмм “гашиш мойи” ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Шунингдек, мазкур жиноий фаолият доирасида гиёҳвандлик воситаларини қабул қилиб олиш ва кейинчалик тарқатишни режалаштирган шахс ҳам қўлга олинди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Божхона органлари томонидан гиёҳвандлик воситаларининг мамлакатимиз ҳудудига ноқонуний кириб келишининг олдини олиш, халқаро жиноий тармоқларга қарши курашиш ва жамият хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги тезкор-профилактик тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА