Хўжайлида ноқонуний қурилма буздирилди
Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туман бўлими томонидан суднинг яна битта ноқонуний қурилишни бузиш тўғрисидаги қарорининг ижроси таъминланди.
Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг 2025 йил 12 март кунги қарорига асосан, жавобгар Х.Д. томонидан ўз уйининг ёнидаги бўш турган 96 кв.м. ер майдонга ўзбошимчалик билан қурилган, турар жой қурилиши учун мўлжалланган пойдеворни мажбурий буздириш ва ер майдонини яроқли ҳолатга келтириш белгиланган эди.
Ушбу қарор бўйича чиқарилган ижро ҳужжати асосида Мажбурий ижро бюроси Хўжайли туман бўлими давлат ижрочиси томонидан ижро ҳаракатига киришилди. Жумладан, жавобгар Х.Д.га ўзбошимчалик билан қурилган ноқонуний қурилмани ихтиёрий равишда бузиш учун 15 кунлик муддат берилган.
Берилган муддат ичида суд қарори талаби бажарилмаганлиги сабабли ноқонуний қурилма жорий йилнинг 24 июль куни махсус техника воситалари ёрдамида мажбурий бузиб ташланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири