Ташқи дипломатия
ЎзА ушбу рукнда Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихона ва консуллик марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш орқали иқтисодий дипломатияни юксалтириш йўлида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишда давом этади.

Германия: Берлинда Ўзбекистон Рақобат қўмитаси делегацияси иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Элчи Дилшод Аҳатов билан мулоқотда истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва рақобатни ривожлантириш соҳасида Германия тажрибасини ўрганиш ҳамда икки давлат ҳамкорлигини кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди. Ҳамюртларимизнинг сафари 10 октябрга қадар давом этади.

Ўмон: Ўзбекистоннинг Ўмондаги элчиси Абдусалом Ҳотамов ГФР элчиси Моника Иверсенни қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон – Германия муносабатлари ва ўзаро манфаатли бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Франция: Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасида Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро давра суҳбати ва “Буюк темурийлар мероси: Марказий Осиё санъати, илм-фани ва маданияти” кўргазмаси ташкил этилди.

Венгрия: Мамлакатимизнинг Венгриядаги элчихонасида пианиночи ва бастакор, “Pеch Lоrаnt Quartet” асосчиси Лорант Печ билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот давомида маданий ҳамкорлик ва тўртликнинг 2027 йил Тошкент халқаро жаз фестивалида иштирок этиш имконияти таҳлил қилинди. Ҳар икки томон Ўзбекистон ва Венгрия мусиқа жамоалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қизиқиш билдирди.

Польша: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Р.Ҳакимов бошчилигидаги делегация иштирокида Куяво-Поморск ва Мазовецки ўлкаларида ташкил қилинган учрашувларда асосий эътибор ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш ва ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилди.

Беларусь: Республикамизнинг Беларусдаги элчихонаси ва Андижон вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Андижон ҳамда Беларуснинг бир неча ҳудуди ўртасида касбий таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди.

Япония: Ўзбекистон фуқароларини Япония меҳнат бозорига тайёрлаш ва ишга жойлаштириш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида “Proud Partners” компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказилди. Тадбирда ёшларга япон тили ва касбий кўникма ўргатиш ҳамда уларнинг кун чиқар юртда иш топиш имкониятини кенгайтириш мавзуси кўтарилди.
Фардона Яхшибоева, ЎзА