“Роспотребнадзор” Иркутскда ўлатнинг иккинчи ҳолати ҳақидаги хабарни инкор этди
Ижтимоий тармоқда Иркутск вабога қарши институти ходими билан кўришган ва илгари пневмония ташҳиси қўйилган шахсда касалликнинг иккинчи ҳолати кузатилгани ҳақида маълумот пайдо бўлди. “Роспотребнадзор” бу хабар нотўғри эканини маълум қилган.
АҚШ элчихонаси Россиянинг Иркутск вилоятида бир кишининг ўлимига олиб келган пневмоник вабо гумон қилинган ҳолат туфайли огоҳлантириш эълон қилди. Минтақада карантин чораси жорий этилди, баъзи касалхоналар ёпилди. Ҳозир Россияда бўлган Америка фуқароларига мамлакатни дарҳол тарк этиш тавсия этилган.
Президент матбуот котиби Дмитрий Песков мавзуга изоҳ бериб, одамларни фақат расмий баёнотга қулоқ тутиш, бошқа манбаларга ишонмасликка чақирди.
– Соҳада ваколатга эга етакчи тузилма “Роспотребнадзор”, – дея таъкидлаган Кремль вакили. – Миш-миш, тахмин ва бегона манбаларга эътибор бермасдан, айнан расмий баёнотга ишониш керак.
“Роспотребнадзор” аввал мутахассислар Сибирь ва Узоқ Шарқ Вабога қарши институтида патоген митти организмлар иштирокида бирор бахтсиз ҳодиса аниқламаганини билдирган. Агентлик таъкидлашича, институт ходими касал бўлиб қолгач, мутахассислар махсус чоралар тўпламини уюштирган – кенг кўламли тест орқали текширилганда, бемор намунасида унинг касбий фаолияти билан боғлиқ ҳеч қандай митти организм аниқланмаган.
С.Раҳимов, ЎзА