Имкониятлардан унумли фойдаланиб
Наманган вилояти Чортоқ туманида аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш ва хонадонларда тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўзининг амалий самарасини бермоқда.
Туманнинг Қорабоғ маҳалласида истиқомат қилувчи Мадина Устабоева ҳам яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, чорвачилик орқали оиласига қўшимча даромад келтираётган ташаббускор аёллардан бири.
Ижтимоий реестрда турган Мадинага бир ярим йил муқаддам оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 10 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилган. У ушбу маблағ эвазига дастлаб тўрт бош қўй харид қилиб, хонадон шароитида чорвачилик билан шуғуллана бошлади.
Тинимсиз меҳнат ва қунт билан қилинган парвариш ўз натижасини берди. Беш ойдан сўнг дастлабки даромадни қўлга киритган Мадина топган маблағини яна шу фаолиятга йўналтирди. Навбатдаги босқичда олти бош қўй харид қилиб, чорвачилик фаолиятини кенгайтирди. Шу тариқа, бугунги кунга келиб, қўйлар сонини ўн бошга етказишга муваффақ бўлди.
— Ҳар бир қўйдан 2,5–3 миллион сўмгача соф даромад олиш мумкин, - дейди Мадина Устабоева. — Асосийси, меҳнатдан қочмаслик, бор имкониятдан тўғри фойдаланиш керак.
Эътиборлиси, Мадина Устабоева чорва парваришини ўз кучи билан йўлга қўйган. Ҳалол меҳнати ва тиришқоқлиги самарасида оиласига қўшимча даромад келтириб, чорвачилик фаолиятини босқичма-босқич кенгайтириб бормоқда.
Имтиёзли кредитдан мақсадли фойдаланиш Мадина Устабоевага ўз меҳнати орқали даромад топиш, рўзғор фаровонлигини ошириш ва келгуси режаларини рўёбга чиқариш имконини берди.
[gallery-32171]
Бир хонадон мисолидаги ушбу натижа аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бандликни таъминлаш ва даромад манбаларини кўпайтиришга қаратилган чора-тадбирларнинг амалий аҳамиятини кўрсатади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА