Ташкилотнинг ўзига хос ўрни бор
Ватанни севиш — унинг тақдирига дахлдорликни ҳис этиш, тинчлиги ва тараққиёти учун масъулиятни зиммага олиш демакдир. Бу туйғу ёш авлод қалбида ўз-ўзидан шаклланмайди. У таълим-тарбия, ҳаётий сабоқ, касбий маҳорат ва ибрат орқали камол топади. Шу маънода, мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва уларга зарур амалий кўникмалар беришда “Ватанпарвар” ташкилотининг ўзига хос ўрни бор.
Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ташкил этилганининг 35 йиллиги муносабати билан унинг Бухоро вилояти кенгашида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда тизим ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ходимлар, меҳнат фахрийлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари эътироф этилди. Уларга юбилей муносабати билан таъсис этилган эсдалик медаллари топширилди.
1991 йил 23 ноябрда ташкил этилган мазкур ташкилот ўтган давр мобайнида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни Қуролли Кучлар сафида хизмат қилишга тайёрлаш, техник ва амалий спорт турларини оммалаштириш, шунингдек, халқ хўжалиги учун малакали техник мутахассислар ва ҳайдовчилар тайёрлаш йўналишларида фаолият юритиб келмоқда. Айниқса, бугунги кунда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, жисмонан соғлом ва маънан баркамол этиб тарбиялаш масалалари долзарб аҳамият касб этмоқда. Президентимиз илгари сураётган ёшлар сиёсатида ҳам ҳар бир йигит-қизнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларда Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлаш, замонавий билим ва касбий кўникмаларни эгаллаши учун шароит яратиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.

“Ватанпарвар” ташкилоти фаолияти ана шу эзгу мақсадлар билан ҳамоҳангдир. Зеро, ватанпарварлик фақат баландпарвоз сўзлар билан эмас, балки интизом, масъулият, билим, касбий маҳорат ва юрт олдидаги бурчни англаш орқали намоён бўлади.
Бухоро вилояти кенгаши ҳамда унинг шаҳар ва туман ўқув-спорт техника марказлари жамоалари бу борада муайян натижаларга эришиб келмоқда. Кейинги йилларда ўқув муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, автопарклар замонавий ўқув автомобиллари билан бойитилди. Спортчиларнинг республика ва халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритаётгани ҳам тизимдаги изчил меҳнат самарасидир.
Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар, жамоани қутлуғ сана билан самимий муборакбод этиб, ташкилотнинг мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва аҳолига техник касбларни ўргатиш борасидаги кўп йиллик фаолияти, эришилган ютуқлар билан табрикладилар.
Шундан сўнг ташкилотнинг 35 йиллиги муносабати билан таъсис этилган эсдалик медалларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Тизимда самарали меҳнат қилиб, ёшларга касб-ҳунар ва ҳайдовчилик сирларини ўргатиш, техник спорт турларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган ходимлар, ташкилот равнақи йўлида кўп йиллар меҳнат қилган фахрий устозлар ҳамда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда фаоллик кўрсатаётган ташкилотлар вакиллари муносиб тақдирланди.

Бу эътироф, аввало, йиллар давомида ҳалол ва фидокорона меҳнат қилган инсонларга билдирилган ҳурмат ифодасидир. Зеро, ҳар қандай тизимнинг муваффақияти унинг моддий-техник имкониятларигина эмас, балки тажрибали мутахассислари, фидойи устозлари ва ўз ишига масъулият билан ёндашадиган ходимлари билан белгиланади.
Тақдирланганлар номидан сўзга чиққан фахрийлар ва ходимлар кўрсатилган эътибор учун миннатдорлик билдириб, келгусида ҳам ташкилот нуфузини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг касбий ва жисмоний салоҳиятини ривожлантириш йўлида бор куч-ғайратларини сафарбар этишларини таъкидладилар.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири