Иситиш тизимининг барқарор ишлаши назоратга олинди
Ижтимоий тармоқларда Нукус тумани “Ўрнакли макон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 4-сонли умумий ўрта таълим мактабининг иситиш тизимидаги носозлик бўйича мурожаат тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Таълим ва илм-фан вазирлиги расмий муносабат билдирди.
Унда қайд этилишича, мазкур мурожаат тегишли мутахассислар томонидан батафсил ўрганилди. Мактаб 2 та ўқув биносидан иборат бўлиб, биринчи ўқув биноси табиий газ ва кўмир ёқилғисида, иккинчи ўқув биноси эса электр энергияси асосида ишлайдиган иссиқлик насоси қозонлари орқали иситилади.
Ўрганишлар давомида мактабнинг биринчи ўқув биносида ўрнатилган газ ҳисоблагич ускунаси жорий йилнинг 13 ноябрь санасидан бошлаб носоз ҳолга келганлиги аниқланган. Шу муносабат билан “Нукус шаҳар газ” газ таъминоти бўлимига мурожаат қилинган. Тегишли мутахассислар томонидан газ ҳисоблагич ускунаси кўздан кечирилиб, техник сабабларга кўра ишдан чиққанлиги аниқланган ва бу бўйича далолатнома расмийлаштирилган.
Шунингдек, туман молия бўлими томонидан иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан G25 русумли янги газ ҳисоблагич ускунасини сотиб олиш учун зарур маблағ ажратилган. Ҳозирда уни харид қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳозирги вақтда мактабнинг биринчи ўқув биносини иситиш учун бир тонна кўмир етказиб берилган ва бино вақтинча кўмир ёрдамида иситилмоқда. Иккинчи ўқув биносида эса электр энергияси асосида ишлайдиган иссиқлик насос ускуналари орқали иситиш жараёни давом этмоқда.
Айни пайтда мактаб биноларида иситиш тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири