Хоразмда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганилди
Куз-қиш мавсумида аҳоли учун қулай ва хавфсиз турмуш шароитини яратиш, коммунал хизматлар барқарорлигини таъминлаш муҳим вазифалардан биридир. Айниқса, совуқ кунларда кўп қаватли турар-жойларни иссиқлик билан таъминлаш, электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви етказиб беришда узилишларга йўл қўймаслик алоҳида аҳамият касб этади.
Мавсумга пухта ҳозирлик кўриш аҳолининг қиш ойларини қулай шароитда ўтказиши билан бирга, турли авариялар, техник носозликлар ва кутилмаган узилишларнинг олдини олишда ҳам муҳим ўрин тутади. Шу боис уй-жой фонди, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларининг тайёрлик даражасини ўрганиш, мавжуд камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Шу мақсадда Хоразм вилояти прокуратураси томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати, кўп қаватли турар-жойлардаги ноқонуний қурилишлар ва коммунал тармоқларнинг техник ҳолатини ўрганишга қаратилган комплекс назорат тадбирлари ўтказилди.
Ўрганишлар давомида кўп қаватли уйларда ўзбошимчалик билан амалга оширилган, белгиланган қурилиш меъёрлари ва шаҳарсозлик талабларига зид бўлган қурилиш ҳамда қайта қуриш ҳолатларига эътибор қаратилди. Шунингдек, умумий фойдаланиш жойларидан белгиланган тартибда фойдаланилиши ҳам кўздан кечирилди.
Аниқланган қоидабузарликлар юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилди.
[gallery-32657]
Мазкур назорат тадбирлари коммунал тармоқларнинг барқарор ишлашини таъминлаш, турар-жойларда хавфсизлик талабларига риоя этилишини кучайтириш ҳамда куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олишга қаратилди.
Беҳзодбек САИДОВ (сурат), ЎзА