Тарихий ютуқлардан миллий юксалиш сари
Президентимизнинг давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимдаги нутқи, унда илгари сурилган ташаббуслар кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Севара Убайдуллаева мустақил тараққиёт йўлимизда эришилган натижаларни эътироф этиб, тарихий нутқда илгари сурилган 7 та миллий мақсаднинг мазмуни ва аҳамияти ҳақида ўз муносабатини билдирди:
— Мустақиллик — халқимизнинг асрий орзу-интилишлари, озодлик ва эркинлик ҳақидаги эзгу ниятлари рўёбининг тимсоли, миллий давлатчилигимизнинг мустаҳкам пойдеворидир. Истиқлол йилларида мамлакатимиз ўз давлатчилиги, миллий қонунчилиги, иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт моделини шакллантирди. Энг муҳими, сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилган кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар натижасида «Янги Ўзбекистон» ғояси мамлакат тараққиётининг амалий мақсади ва стратегик йўналишига айланди.
35 йиллик тараққиёт йўлимизнинг асосий мазмуни, энг катта натижаси — инсоннинг ўз ҳаётига, эртанги кунига ва давлатга бўлган муносабатидаги ўзгаришдир. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимдаги нутқи ҳам ана шу тарихий йўлни чуқур таҳлил қилиш, эришилган натижаларни холис баҳолаш ва келгуси тараққиётнинг аниқ устувор йўналишларини белгилаб бериш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мустақилликнинг буюк аҳамияти, аввало, инсон қадри ва унинг эркин ҳаётида намоён бўлади. Шу нуқтаи назардан, сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларнинг ҳақиқий самарасини энг аввало, халқимизнинг кундалик ҳаёти, оилалар фаровонлиги, инсонларнинг ҳуқуқ ва имкониятлари кенгайиб бораётганида кўриш мумкин.
Йиллар давомида одамларни қийнаб келган «пахта қуллиги», мажбурий ва болалар меҳнати, валюта конвертациясидаги чекловлар, «прописка» каби муаммоларга барҳам берилгани фуқароларнинг иқтисодий ва ижтимоий эркинлигини кенгайтирди. Бу ўзгаришлар натижасида оддий инсонлар ҳаётида аввало, эркин меҳнат қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш, ўз бизнесини ривожлантириш, мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, ўз келажагини мустақил режалаштириш учун янги имкониятлар пайдо бўлди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг дунёга очилиши иқтисодий тараққиёт учун ҳам янги имкониятлар яратди. Валюта, солиқ, божхона ва инвестиция сиёсатининг ислоҳ қилиниши тадбиркорлик муҳитини яхшилади. Хорижий инвестициялар ҳажмининг аввалги 2–3 миллиард доллардан бугун 40–50 миллиард долларга етгани мамлакатимиз иқтисодиётига нафақат маблағ, балки замонавий технологиялар, янги ишлаб чиқариш маданияти ва илғор билимлар кириб келаётганини англатади. Бу жараён аҳоли ҳаётида янги корхоналар, янги иш ўринлари, янги касблар ва янги даромад манбалари пайдо бўлишида намоён бўлмоқда. Тадбиркорлик учун яратилган шароитлар инсонларни ўз салоҳияти ва ташаббусига таянишга ундамоқда. Бу эса иқтисодий фаол аҳоли қатламини кенгайтириб, жамиятда мулкдорлар ва тадбиркорлар синфини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ижтимоий сиёсатдаги энг муҳим ўзгаришлардан бири — камбағаллик муаммосининг очиқ тан олиниши ва уни қисқартиришнинг тизимли механизми яратилганидир. Камбағалликни фақат нафақа ёки бир марталик моддий ёрдам билан енгиб бўлмаслиги амалиётда ўз исботини топди. Шу боис, эҳтиёжманд оиланинг даромади, касби, саломатлиги, фарзандларининг таълими ва яшаш шароитини комплекс яхшилашга қаратилган «маҳаллабай» ишлаш тизими жорий этилди. Натижада камбағаллик даражаси 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизга туширилди. Бу рақамлар замирида 10 миллион нафар инсоннинг турмуш сифати яхшилангани мужассам. Демак, камбағалликни қисқартириш сиёсати аста-секин инсонни фақат ижтимоий ёрдам олувчи эмас, балки мустақил даромад топиш, касб эгаллаш ва ўз оиласи фаровонлигини таъминлаш имконига эга шахс сифатида кўришга асосланган янги тизимга айланмоқда.
650 мингдан зиёд оиланинг замонавий уй-жойга эга бўлгани ҳам мустақиллик йилларидаги бунёдкорлик ишларининг муҳим натижаларидан биридир. Уй-жой оиланинг хотиржамлиги, фарзандларнинг келажаги ва барқарор ҳаёт рамзидир. Янги уй-жой массивларида йўл, мактаб, боғча, тиббий муассаса ва бошқа ижтимоий инфратузилма объектларининг барпо этилаётгани аҳоли учун қулай яшаш муҳитини шакллантирмоқда.
Тараққиёт бир жойда тўхтаб қолмайди. Эришилган натижаларни мустаҳкамлаш, уларни янги сифат босқичига кўтариш ва мамлакатимизни янада юксак тараққиёт марраларига олиб чиқишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Шу боис, Президентимиз ўз нутқида келгуси йилларда мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш, инсон қадрини янада юксалтириш бўйича еттита устувор мақсадни белгилаб берди. Бу мақсадлар ўзаро узвий боғлиқ бўлиб, уларнинг барчасида умумий бир ғоя — инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш, халқ фаровонлигини янада ошириш ва Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини юксалтириш ғояси мужассам.
Биринчи устувор мақсад билим ва касбни тараққиётнинг асосий капиталига айлантиришдан иборат. Болаларнинг олти ёшли тайёрлов гуруҳларига қамровини 100 фоизга етказиш, барча мактабларни халқаро баҳолаш дастурлари билан тўлиқ қамраб олиш, техникумларда халқаро таълим стандартларини жорий этиш, ёшларни юқори даромадли касбларга ўқитиш қамровини 1 миллион нафарга етказиш белгиланмоқда. Камида 10 та университетни дунёнинг ТОП-1000 талигига киритиш вазифаси эса олий таълим сифатини халқаро даражага олиб чиқишга хизмат қилади. Бу мақсадлар замирида бир ҳақиқат мужассам: келажакда мамлакатлар ўртасидаги рақобат, аввало, табиий ресурслар эмас, билим, технология ва инсон капитали учун кечади.
Иккинчи устувор мақсад халқимизнинг соғлом ва узоқ умр кўришини таъминлашга қаратилган. Келгуси беш йилда аҳоли саломатлиги билан боғлиқ давлат харажатларини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда. Тиббиётда профилактикага асосланган саломатликни асраш моделига ўтиш, давлат тиббий суғуртасини барча хонадонларга киритиш, ихтисослашган тиббиётда рақобат муҳитини кучайтириш, дунёнинг энг нуфузли камида 5 та клиникасини мамлакатимизга олиб келиш вазифалари белгиланди.
Бу мақсадларнинг умумий моҳияти фуқарони касал бўлгандан кейин даволаш эмас, унинг саломатлигини олдиндан асраш тизимини шакллантиришдир. Шу билан бирга, замонавий тиббиёт, фармацевтика, биотехнологиялар ва тиббий таълимни ривожлантириш орқали мамлакатимизни минтақадаги тиббий хизматлар ва тиббий инновациялар марказларидан бирига айлантириш учун замин яратилади.
Учинчи устувор мақсад иқтисодиётни юқори технологиялар ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказишдир. Келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этиш, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулотни 300 миллиард долларга етказиш, саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратиш мақсад қилинмоқда. Стартаплар, венчур молиялаштириш ва сунъий интеллектни ривожлантириш, кичик бизнеснинг ўрта бизнесга, ўрта корхоналарнинг йирик компанияларга айланиши учун яхлит экотизим яратиш иқтисодиётнинг янги ўсиш нуқталарини шакллантиради.
Тўртинчи устувор мақсад сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартиришни назарда тутади. Глобал иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва экологик барқарорлик мамлакат тараққиётининг муҳим шартига айланмоқда. Келгуси беш йилда экин майдонларида сув тежайдиган технологиялар қамровини 100 фоизга етказиш, «Яшил макон» ҳаракатини янги сифат босқичига олиб чиқиш, туман ва шаҳар марказларида яшиллик кўламини 30 фоизга етказиш вазифалари белгиланмоқда.
Бешинчи устувор мақсад қонун устуворлиги ва адолатни таъминлашга қаратилган. Адолат қарор топган жойда иқтисодий ўсиш ҳам, ижтимоий ишонч ҳам юксалади. Шу боис, суд мустақиллигини кучайтириш, қонун устуворлигини умумий қадриятга айлантириш, мактабдан бошлаб ҳуқуқий тарбияни тизимли йўлга қўйиш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний кафолатларини кучайтириш вазифалари белгилаб берилди. Кибержиноятчилик, гиёҳвандлик, одам савдоси, яширин иқтисодиёт ва уюшган жиноятчиликка қарши курашни кучайтириш, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳам ушбу йўналишнинг муҳим таркибий қисмидир.

Олтинчи устувор мақсад маҳаллани тараққиётнинг асосий буюртмачисига айлантиришдир. Одамларнинг кайфияти, оилалар фаровонлиги, ёшларнинг орзу-истаклари ва тадбиркорларнинг ташаббуслари, аввало, маҳаллада намоён бўлади. Шу боис, туман бюджети, инвестиция дастурлари ва инфратузилма лойиҳаларини маҳалла буюртмаси асосида шакллантириш янги бошқарув ёндашувини қарор топтиради. Бунда аҳолининг талаб ва эҳтиёжи, маҳалланинг фаровонлиги асосий мезонга айланади.
Еттинчи устувор мақсад эса Ўзбекистоннинг тинчлик, дўстлик ва очиқ ташқи сиёсат тамойилларига содиқлигини янада мустаҳкамлаш билан боғлиқ. Ўзбекистоннинг очиқ, прагматик ва тинчликпарвар ташқи сиёсатини давом эттириш, Марказий Осиёда яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва дўстлик муносабатларини янада ривожлантириш мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади. 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ҳамда 16 та диний конфессия аъзоларининг тинч-тотув яшаб келаётгани эса миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик мамлакатимизнинг энг катта бойликларидан бири эканини кўрсатади.
Белгилаб берилган етти устувор мақсадни ҳаётга самарали татбиқ этишда парламентнинг олдида ҳам катта масъулият бор. Чунки стратегик мақсадлар ўз-ўзидан натижага айланмайди. Бунинг учун пухта қонунчилик базаси, етарли молиявий ресурс, аниқ ижро механизмлари ва самарали парламент назорати муҳимдир. Биз, Қонунчилик палатаси депутатлари ушбу вазифаларнинг сифатли ва самарали бажарилишида қонунлар қабул қилиш, уларнинг ижросини мунтазам ўрганишимиз, ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатни таҳлил қилишимиз, аҳоли ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ўтказишимиз, ҳукумат билан ҳамкорликда фаол иш олиб боришимиз талаб этилади.
Президентимиз нутқидаги «Биз бугун кечагидан кучлимиз. Насиб этса, эртага бундан ҳам кучли бўламиз!» деган сўзлар бугунги тараққиётимизнинг мазмунини ҳам, келгуси вазифаларимизнинг руҳини ҳам ифодалайди.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА