Тарих музейининг 150 йиллиги муносабати билан халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди
Ўзбекистон тарихи давлат музейининг 150 йиллиги муносабати билан “Музейшунослик XXI асрда: тадқиқотлар, анъаналар ва инновация” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон тарихи давлат музейи ҳамда “Сcиэнcе анд Инноватион” халқаро илмий журнали ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон ва хорижий давлатларнинг тарих, археология, музейшунослик ҳамда маданий меросни асраш соҳаларидаги етакчи мутахассислари иштирок этди.
Конференциянинг очилиш маросимида давлат ташкилотлари, илмий муассасалар ва музейлар раҳбарлари сўзга чиқиб, тарихий-маданий меросни ўрганиш ва асраб-авайлашда музейларнинг ўрни, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг аҳамиятини таъкидладилар. Тадбир доирасида Ўзбекистон тарихи давлат музейининг 150 йиллигига бағишланган видеоролик ҳам намойиш этилди.
Анжуман давомида археологик ва тарихий меросни тадқиқ этиш, музей коллекцияларининг илмий салоҳиятини очиб бериш, тарихий объектларни консерватсия ва реставратсия қилиш, рақамли технологияларни музей фаолиятига жорий этиш ҳамда этнографик меросни замонавий усулларда намойиш этиш масалалари муҳокама қилинди.
Озарбайжон, АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Эрон, Тожикистон, Япония ва бошқа давлатлар вакиллари томонидан тақдим этилган маърузалар доирасида соҳадаги замонавий илмий ёндашувлар ва халқаро тажрибалар юзасидан фикр алмашилди.
Конференциянинг якуний дастури доирасида иштирокчилар Ўзбекистон тарихи давлат музейининг янгиланган экспозитсияси билан танишдилар. Шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом сивилизатсияси марказига ташриф ташкил этилди.
Халқаро илмий-амалий конференция музейшунослик соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, илмий тажриба алмашиш ва тарихий-маданий меросни асраш ҳамда тарғиб этиш борасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Меҳрожиддин Умурзаков, Ойбек Давронов, ЎзА