«ГулДУ мушоираси» — ёш қалблардан туғилган илк китоб
Гулистон давлат университетида ёш ижодкорларнинг орзу-ўйлари, қалб кечинмалари ва адабий изланишларини ўзида жамлаган «ГулДУ мушоираси» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. 23 нафар талаба ижодкорнинг шеър ва насрий асарларини қамраб олган ушбу тўплам ёш истеъдодларни кашф этиш, уларнинг қалб оламини кенг жамоатчиликка танитиш йўлидаги эзгу ташаббуснинг самараси бўлди.
Адабиёт инсон қалбига йўл топади, туйғуларни сўзга, орзуларни мисраларга айлантиради. Бугун қўлига қалам олиб, илк асарларини яратаётган ёшлар учун эса ўз ижодини китоб саҳифаларида кўриш алоҳида қувонч ва катта масъулиятдир. «ГулДУ мушоираси» ана шундай орзуга қанот бағишлаган, ёш ижодкорларнинг илк адабий қадамларини бирлаштирган тўплам сифатида аҳамиятлидир.
Китобнинг ғояси бундан қарийб етти ой аввал — 2026 йил 5 март куни университет Ахборот-ресурс марказида ёшлар билан ўтказилган учрашувда туғилган эди. Ўшанда талабалар ўз сафларидаги ижодкорларнинг шеър ва насрий асарларини жамлаб, алоҳида китоб нашр этиш таклифини билдиришди. Ёшларнинг ушбу ташаббуси университет ректори томонидан қўллаб-қувватланди ва ғояни амалга оширишга киришилди.
Шундан сўнг ёш ижодкорлар ўртасида танлов эълон қилинди. Қарийб 100 нафар талаба ўз ижод намуналарини тақдим этди. Саралаш жараёнида улар орасидан 23 нафар ижодкорнинг энг сара шеър ва насрий асарлари танлаб олинди. Натижада 245 саҳифалик «ГулДУ мушоираси» китоби дунёга келди.
«Ижод нашр» нашриётида 500 нусхада чоп этилган китобнинг ғояси ва сўзбошиси муаллифи Гулистон давлат университети ректори, техника фанлари доктори, профессор, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, олий таълим аълочиси Муҳсин Ходжиевдир.
Тақдимот маросимида таъкидланганидек, бундай ташаббуслар ёшларнинг истеъдодини юзага чиқариш, уларни янги ижодий изланишларга руҳлантириш ва адабиётга бўлган меҳрини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
— Ёшлар билан учрашувларимизда уларнинг ташаббусларини тинглаш, ғояларини қўллаб-қувватлаш ва ижодий имкониятларини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратамиз. 5 март куни бўлиб ўтган учрашувда ёш ижодкорларимиз университет талабаларининг асарларини жамлаб, китоб нашр этиш таклифини билдиришган эди. Бугун ана шу ташаббуснинг амалий натижасини кўриб турибмиз. Бундай лойиҳалар ёшларнинг адабиётга бўлган қизиқишини ошириш, уларни янги изланишларга руҳлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Барча ижодкор ёшларимизга келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилайман, — деди университет ректори Муҳсин Ходжиев.
[gallery-31855]
Университетда ёшларнинг адабий салоҳиятини ривожлантириш борасидаги ишлар бу билан чекланмайди. 2025 йилдан буён фаолият юритаётган «Мушоира» клуби талабаларнинг ижодий изланишлари учун ўзига хос майдонга айланган. Клуб аъзоларининг шеър ва бошқа ижод намуналари шу кунга қадар вилоят ҳамда республика миқёсидаги 10 дан ортиқ газета ва журналларда эълон қилинган.
Бу эса университетда ёш қаламкашларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодини кенг тарғиб этиш ва адабий муҳитни бойитиш борасида муайян тажриба шаклланганидан далолат беради. Янги китоб эса ушбу жараённинг мантиқий давоми, ёш ижодкорлар учун янги марралар сари ташланган дадил қадамдир.
Тадбир якунида китоб муаллифлари бўлган талабаларнинг ота-оналари университет ректори Муҳсин Ходжиев томонидан тақдирланди. Зеро, фарзанд қалбидаги истеъдодни англаш, унинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш ва ижодий камолотига кўмаклашишда оиланинг ҳам ўрни беқиёс.
«ГулДУ мушоираси» — шунчаки шеър ва наср намуналари жамланган китоб эмас. Унда ёш қалбларнинг изланишлари, орзу-интилишлари ва келажакка ишончи мужассам. Бугун илк китобини қўлига олган ёш ижодкор учун бу саҳифалар, эҳтимол, катта адабиёт сари бошланган йўлнинг дастлабки манзилидир. Энг муҳими, бу йўлда уларнинг истеъдодини кўрадиган, қўллаб-қувватлайдиган ва янги ютуқларга ундайдиган муҳит бор.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА