Саводхонлик жамиятнинг барча қатламига тегишли мезон
Жамият тараққиётининг муҳим омилларидан бири халқимизнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтириш, давлат тилида тўғри ва саводли ёзиш кўникмаларини ривожлантиришдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ҳамда Олмазор тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида «Саводхон ташкилот — саводли жамият» шиори остида бепул диктант тадбири ташкил этилди.
Тадбирда Олмазор тумани ҳокимлиги ходимлари, тумандаги умумтаълим ва тиббиёт муассасалари, шунингдек, турли бўлим ҳамда ташкилотларда фаолият юритаётган ходимлар иштирок этдилар.

Тадбирда Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори И.Азимов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси директори А.Эминов ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимининг маслаҳатчиси А.Рўзитоев иштирок этдилар.
Тадбир давомида она тилимизнинг жамият ҳаётидаги ўрни, давлат тилига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, иш юритиш жараёнида адабий тил меъёрларига амал қилиш ҳамда ёзма саводхонликни оширишнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги глобаллашув шароитида ҳар бир халқ ўз она тилини асраш, унинг нуфузини ошириш ва келажак авлодга безавол етказишга интилади, – деди Олмазор тумани ҳокими маслаҳатчиси Дилноза Умрзоқова.– Дунёга келган ҳар бир гўдак оламни, аввало, она тили орқали танийди ва англайди. Инсон учун ўз уйи, ота-онаси қанчалик азиз ва қадрли бўлса, она тили ҳам шунчалик эъзозлидир. Ватан, миллат ва миллий тил тушунчалари инсоннинг ўзлигини белгилайдиган асосий мезонлардан ҳисобланади. Тилга бўлган меҳр ва садоқат миллатнинг маънавий қудрати, миллий ғурури ва ўзлигини сақлашда муҳим ўрин тутади. Фаолиятим давомида давлат тили тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида туманимиздаги давлат ташкилотларида мунтазам ўрганишлар олиб бораман. Бугунги диктант тадбири ҳам давлат тилида иш юритиш маданиятини юксалтириш, ходимларнинг ёзма саводхонлигини ошириш ва мавжуд камчиликларни бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади ходимларнинг давлат тилида ёзма нутқ кўникмаларини баҳолаш, имло ва пунктуация билан боғлиқ камчиликларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан амалий-услубий кўмак кўрсатишдан иборат.
Шунингдек, мазкур тадбир орқали давлат ташкилотлари ходимларининг ўзбек адабий тили меъёрларига амал қилиш борасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга эътибор қаратилди.

Саводхонликни оширишга оид бундай ташаббуслар давлат тилининг нуфузини юксалтиришга хизмат қилади. Зеро, ҳар бир ташкилотда иш юритиш маданиятига риоя қилиниши умумий саводхонлик даражасининг ошишига замин яратади.
Диктант жараёни иштирокчиларга ўз билимларини синаб кўриш ва ёзма нутқдаги камчиликлар устида ишлаш имконини берди. Шу билан бирга, тадбир давлат тилида иш юритишда ягона адабий меъёрларга амал қилиш муҳимлигини яна бир бор намоён этди.
Она тилига ҳурмат, аввало, уни тўғри қўллаш ва қадрлашдан бошланади. Ҳар бир инсоннинг саводли ёзиши жамиятда тил маданиятининг юксалишига ҳисса қўшади.
Давлат тилини ривожлантиришга қаратилган амалий тадбирлар аҳоли ўртасида тилга эътибор ва масъулият туйғусини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Бундай учрашув ва машғулотлар орқали иштирокчиларнинг билимларини ошириш ҳамда тажриба алмашиш учун қулай имконият яратилади.
Миллий тилнинг бойлиги ва жозибасини асраш ҳар биримизнинг вазифамиздир. Бунинг учун кундалик мулоқотда ҳам, расмий ёзишмаларда ҳам адабий тил қоидаларига амал қилиш муҳим аҳамиятга эга.
«Саводхон ташкилот – саводли жамият» тамойили ҳар бир ходимнинг шахсий масъулияти ва интилиши билан ҳаётга татбиқ этилади. Зеро, саводхонликка интилиш маънавий юксалиш ва тараққиёт сари ташланган муҳим қадамдир.
Н.Усмонова, ЎзА