Тарағай — туризм қишлоғи юксалиш палласида
Қашқадарё вилояти марказидан 90–100, Чироқчи тумани марказидан 50 км узоқликда жойлашган, Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг отаси номи билан боғлиқ қадимий тарихга эга бу қишлоқнинг табиати жуда гўзал. Тўрт томони пурвиқор тоғлар билан ўралган, сўлим гўша.
Қишлоқда тўрт фаслнинг ҳам ўзгача таровати бор. Айниқса, баҳор фаслида ҳудуд ниҳоятда хушманзара манзилга айланади. Тарағай — туризм қишлоғи мақомини олган бўлиб, кейинги йилларда унинг иқтисодий-ижтимоий ҳолати кундан-кунга ўзгариб бормоқда. Янги йўллар, инфратузилма тизимлари ҳамда сайёҳлар оқими учун барча шароитлар яратилмоқда.
Буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг отаси Тарағай Баҳодир номи билан боғлиқ ушбу манзил темурийлар даврига хос бўлган тарихий ёдгорликларга эга. «Тарағай ғори», «Дунё тепа», «Фармонтош» ёдгорликлари шулар жумласидан. Ушбу ёдгорликлар ўзининг тарихий сир-синоатларга бойлиги билан ҳар қандай сайёҳ эътиборини тортади.

Бу ҳудуд нафақат темурийлар даврига хос обидаларга бойлиги билан, балки сўлим ва бетакрор табиати, пурвиқор тоғлари, зилол сувли булоқлари билан ҳам машҳур.
Шу боисдан ҳам ушбу қишлоқда тўрт йилдан буён «Тарағай баҳори» фестивали кўтаринки руҳда нишонланиб келмоқда. Фестивалда Чироқчининг кўҳна тарихидан садо берувчи музей экспонатлари, миллий ҳунармандчилик намуналари кўргазмаси, миллат қадриятларини ўзида мужассам этган халқ ўйинлари, миллий таомлар намойиши (гастротуризм) фестиваль қатнашчиларида ниҳоятда илиқ таассурот қолдиради.
Умуман олганда, Тарағай қишлоғи Чироқчи туманидаги тоғли, тарихий ва табиат мўъжизаларига бой қишлоқлардан бири бўлиб, нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижий сайёҳ ва тадқиқотчилар учун ҳам қизиқарли масканлар қаторидан ўрин олган.
Қишлоқда ҳозирда 1100 га яқин оила қайд этилган бўлиб, уларда 5000 нафардан ортиқ фуқаро истиқомат қилади. Тарағайда 1 та маҳалла фуқаролар йиғини, 1 та қишлоқ врачлик пункти, 3 та мактаб фаолият олиб бормоқда.
Қишлоқ аҳолиси асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланади. Кундалик турмушда эркаклар чорва моллари, қўй-эчкиларни боқиш ва деҳқончилик ишлари билан шуғулланишса, аёллар эса қўй жунидан ип йигириш, кийим-кечак, гилам ва бошқа миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини ҳам тайёрлашади.
Қишлоқда мавсумий ипак қурти ҳам боқилади. Қувонарлиси, ҳозирги кунда ҳам қишлоқда беда ўриш, томсувоқ, ариқ қазиш ва шу каби мавсумий ишлар оммавий ҳашар йўли билан бажарилиб, миллий қадрият кўринишида ташкил қилинмоқда. Бу жараён кейинги авлодларга олтин мерос сифатида ўтиб келмоқда.
Тарағай ҳудудига хос тоғли қишлоқ миллий таомлари чорвачилик маҳсулотларига таянган ҳолда, табиий қишлоқ шароитида тайёрланади. Тарағай қишлоғида кенг тарқалган ва маҳаллийлашган таомлардан қайнатма шўрва (тоғ шўрваси), ширчой, қўртова, қатиқли ош, кесган ош, юпқа, ғилминди, қозонпатир, қорин ёғи ва доривор ўсимликлардан кийик ўти, далачой, наъматак дамламаларини айтишимиз мумкин.
2022 йилда давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонлари асосида Тарағай қишлоғи — туризм қишлоғи мақомини олган. «Обод қишлоқ» давлат дастури, шунингдек, вилоят ҳокимининг 2022 йилдан бошлаб ҳар йили апрель-май ойларида қишлоқда «Тарағай баҳори» анъанавий фестивалини ўтказиш тўғрисидаги қарори қабул қилиниб, унга кўра, ҳудудда бир қанча қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Жумладан, ҳудудда аҳолининг узоқ йиллик орзуси бўлган «Тарағай оилавий поликлиникаси» 2024 йилда қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу поликлиника яқин қишлоқлар кесимида 33 000 нафардан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатиб, у ерда ҳозирги кунда 50 дан ортиқ тиббиёт ходимлари фаолият юритади.
Поликлиникада 25 та кундузги стационар ўрин мавжуд бўлиб, беморлар учун шу ерда даволаниш имконияти ҳам яратилган.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг тавсиялари, вилоят ҳокимининг ташаббуслари билан қишлоқ марказида 150 ўринли замонавий давлат мактабгача таълим муассасаси ҳам қурилиб, жорий ўқув йилидан фойдаланишга топширилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Қувонарлиси, жорий йилнинг 21 октябрь куни давлатимиз раҳбарининг Қашқадарё вилоятига ташрифлари жараёнида сўзлаган нутқида Қашқадарё вилоятида йилига 6 миллион турист жалб қилиш учун барча имкониятлар борлиги, йил бошидан вилоятга 2,5 миллион сайёҳ келгани, биргина Ғелон қишлоғига ташриф буюрганлар сони 500 мингга етганлиги ҳамда Татарстан билан ҳамкорликда Ғелондаги тоғ-чанғи курортининг биринчи босқичини келаси йил ишга тушириш режалаштирилгани таъкидланди.
Шунингдек, табиати билан Ғелонга ўхшаш Чироқчидаги Тароғай, Китобдаги Башир ва Яккабоғдаги Татар қишлоқларини ҳам этнотуризм марказларига айлантириш имкониятлари кўрсатиб ўтилди. Шаҳрисабз туманидаги Сайёд ва Сувтушар қишлоқларида тоғ дарёлари негизида рафтинг ва спорт туризмини ривожлантириш мумкинлиги айтилди.
Масъулларга ушбу олти қишлоқ бўйича бир ойда мастер-режа тайёрлаб, 1 мартдан 50 миллион долларлик лойиҳаларни бошлаш топширилгани Президентимизнинг 2026 йилни республикамизда «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб номлаб, олис ҳудудлардаги қишлоқларга қаратаётган эътиборлари орқали маҳаллани ривожлантириб, жамиятни юксалтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар дастурининг амалий натижаси бўлаётганидан тароғайликлар мамнун бўлишмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, муҳтарам Президентимизнинг олис ҳудудда жойлашган Тарағай қишлоғига қаратаётган юксак эътиборлари натижасида қишлоқда таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт, хусусий тадбиркорлик ва туризмнинг барча йўналишларидаги ривожланишлар сабабли қишлоқ аҳолисининг турмуш тарзи яхшиланиб, ёшлар учун қўшимча иш ўринлари яратилмоқда…
Жўшқин Турсунов,
Ренессанс таълим университети
катта ўқитувчиси