Таълимдан касбга, касбдан мустақил ҳаётга илдам қадамлар
Бугун таълим жараёнида ўқувчиларга нафақат билим бериш, балки уларни келажакдаги мустақил ҳаётга тайёрлаш, муайян касб-ҳунарга йўналтириш ва амалий кўникмаларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, инклюзив таълим муҳитида бундай ёндашув ўқувчиларнинг ўз имкониятларини намоён этиши ва келажакда муносиб ўрин топишида муҳим аҳамият касб этади.
Тошкент вилоятининг Кўп функцияли инклюзив ресурс мактабида айни йўналишда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирда мазкур таълим муассасасида 115 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларнинг 77 нафари ўғил болалар, 38 нафари қиз болалардир. Жорий ўқув йилида 11 нафар ўқувчи мактабни тамомлайди.
Ўқувчиларнинг қизиқиши ва қобилиятидан келиб чиқиб, мактабда турли касб-ҳунар тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. 2026–2027-ўқув йилидан бошлаб электр-пайвандлаш асосида турли жиҳозлар ясаш бўйича янги касб тўгараги ташкил этилди. Унга мактабнинг технология фани ўқитувчиси Алихўжа Дадаев раҳбарлик қилмоқда. Шунингдек, технология фани ўқитувчиси Қосимхўжа Дадаев бошчилигида “Камар ишлаб чиқариш” тўгараги фаолият юритмоқда. Унда 14 ёшдан катта бўлган 21 нафар ўғил бола иштирок этмоқда.

Мактабда пазандачилик, кулолчилик, декор гуллар ва тикувчилик тўгараклари ҳам ташкил этилган бўлиб, уларга жами 66 нафар ўқувчи жалб қилинган.
Машғулотлар давомида ўқувчилар нафақат муайян касб-ҳунар сирларини ўрганиб, амалий кўникмаларини мустаҳкамламоқда, балки ўз қўллари билан маҳсулот яратиш орқали меҳнатининг натижасини кўрмоқда. Бу эса уларда мустақиллик, меҳнатсеварлик ва ўз кучига бўлган ишончни шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Тўгаракларда тайёрланган маҳсулотлар турли ярмаркаларда сотувга қўйилмоқда. Улардан тушган маблағ ҳисобидан тўгараклар учун зарур хомашё ва жиҳозлар харид қилиниб, машғулотларнинг моддий базаси мустаҳкамланмоқда.
Энг муҳими, бу саъй-ҳаракатлар амалий натижа бермоқда. Ўтган ўқув йилида мактабни тамомлаган айрим битирувчилар айнан касб тўгаракларида эгаллаган кўникмалари орқали бугунги кунда даромад топмоқда.

— Мен мактабнинг 5-синфида ўқийман, — дейди Шаҳризода Соипова. – Дарсдан ташқари тикувчилик ва гуллар ясашни ўргандим. Бу машғулотлар менга жуда ёқади. Ўзим ясаган буюмларни кўриб, хурсанд бўламан. Келажакда бу ҳунарларни янада яхши ўрганиб, ўз меҳнатим орқали даромад топишни истайман. Ота-онам ҳам менинг ҳунар ўрганаётганимдан хурсанд. Мактабдаги бундай ёндашув таълим ва касбга йўналтириш жараёнини бир-бири билан уйғунлаштириш имконини бермоқда. Ўқувчилар ўз қизиқиши ва қобилиятига мос йўналишни танлаб, уни амалиёт орқали ўзлаштирмоқда.

Зеро, таълимнинг муҳим натижаларидан бири — ёшларни келажак ҳаётга тайёрлаш, уларга мустақил қарор қабул қилиш, меҳнат қилиш ва ўз имкониятларидан самарали фойдаланиш кўникмаларини беришдир.
А.Мусаев,ЎзА