Кенгаш фермерларнинг кўмакчиси
Бугун қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси, аввало, ер эгаси – фермернинг ўз фаолиятини эркин ва самарали ташкил этиши, меҳнати муносиб қадрланиши ҳамда унинг муаммоларига ўз вақтида ечим топилиши билан чамбарчас боғлиқ.
Шу нуқтаи назардан, Навоий вилоят Кармана тумани фермерлари кенгаши томонидан фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, мавжуд муаммоларни жойида ўрганиш ва амалий ечим топиш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Кенгаш фаолиятида фермерлар билан бевосита мулоқот қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жойларда ўтказилаётган учрашувлар давомида фермерларни қийнаётган масалалар ўрганилиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.
Жорий йил бошидан буён 80 та фермер хўжалиги фаолияти ўрганилиб, улардан келиб тушган 22 та мурожаат кўриб чиқилди. Шундан 16 таси ижобий ҳал этилди, 6 та масала бўйича тегишли ташкилотларга амалий кўмак кўрсатилди.
– Фермернинг муаммосини эшитишнинг ўзи етарли эмас. Муҳими, унинг ечими бўйича амалий ҳаракат қилишдир. Шу боис ҳар бир мурожаатни эътиборсиз қолдирмаслик, фермер билан бирга муаммонинг ечимини излашни асосий вазифамиз деб биламиз, – дейди Кармана тумани фермерлари кенгаши раиси Зафар Турсунов.

Қишлоқ хўжалигида юқори натижага эришиш, аввало, мавжуд ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни талаб этади. Шу боис Кенгаш томонидан фермер хўжаликларида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, ер унумдорлигини ошириш ҳамда сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Фермерларга замонавий агротехнологияларни қўллаш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, серҳосил навлардан фойдаланиш ва маҳсулот таннархини камайтириш бўйича тавсиялар берилмоқда.
Жумладан, 2180 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилиниб, 56 нафар фермерга бу борада амалий кўмак кўрсатилди.
Фермерлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Юқори ҳосилдорликка эришаётган, замонавий технологиялардан самарали фойдаланаётган хўжаликларнинг тажрибасини оммалаштириш мақсадида семинарлар, давра суҳбатлари ва амалий учрашувлар ташкил этилмоқда.
Айниқса, “Шахноза” фермер хўжалиги раҳбари Акбар Ражабовнинг пахта-ғалла етиштиришдаги тажрибаси эътиборга лойиқ. Жумладан, 2025 йилда пахтадан 65 центнер, 2026 йилда ғалладан 100 центнер ҳосил олган бўлса, жорий йилда пахтадан 85 центнер ҳосил яратиш режа қилинган. Ушбу хўжаликда қўлланилаётган замонавий технология натижасида юқори ҳосилдорликка эришилмоқда.

У Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 31 октябрдаги ПҚ-322-сонли қарори топшириғига асосан, дала четидан 10 сотих ер майдонига чорвачилик комплексини ташкил қилиб, 65 бош ангус зотли йирик шохли қорамол ва 100 бош қўй эчкиларни боқиб келмоқда.
Бундай илғор тажрибаларни бошқа фермер хўжаликларида ҳам жорий этиш орқали соҳада самарадорликни янада ошириш мақсад қилинган.
Кенгаш томонидан фермерларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Фермерларга шартномавий муносабатлар, ердан фойдаланиш, маҳсулот етиштириш ва реализация қилиш билан боғлиқ масалалар юзасидан тушунтиришлар берилмоқда.
Шу билан бирга, фермерларнинг мурожаатларини тегишли ташкилотларга етказиш, уларни кўриб чиқиш жараёнини мувофиқлаштириш ва натижаси бўйича амалий кўмак бериш ишлари ҳам йўлга қўйилган.
Соҳада янги авлод фермерларини шакллантириш ва уларни қўллаб-қувватлаш ҳам Кенгаш фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир.
Ёш фермерлар билан учрашувларда замонавий технологиялардан фойдаланиш, маҳсулот етиштиришда инновацион ёндашувларни қўллаш, қўшимча даромад манбаларини яратиш ва бозор талабларига мос маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича тавсиялар берилмоқда.
Фермерлар кенгашининг фаолиятидан кўзланган асосий мақсад фермерни ёлғиз қолдирмаслик, унинг муаммосига бефарқ бўлмаслик ва ҳар бир мурожаат ортида турган масалани амалий ҳал этишдир.
Бугун фермернинг даромади ошса, ердан унумли фойдаланилса, янги иш ўринлари яратилса ва бозорда рақобатбардош маҳсулот кўпайса, бу нафақат бир хўжалик, балки бутун ҳудуд иқтисодий тараққиётига хизмат қилади.
Навоий вилояти Кармана тумани фермерлар кенгаши келгусида ҳам фермерлар билан яқин ҳамкорликни давом эттириб, уларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, муаммоларини жойида ўрганиш ҳамда қишлоқ хўжалигида самарадорликни янада оширишга қаратилган ишларни изчил давом эттиради.
Ж. Галаев,
Ўзбекистон фермерлари кенгаши бош мутахассиси.
ЎзА