Таълим тизими ходимлари тажриба алмашди
Таълим соҳасида илғор тажрибаларни оммалаштириш, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ўқув-тарбия жараёни сифатини янада ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги таълим муассасалари раҳбарларининг Сирдарё вилоятига амалий ташрифи ташкил этилди.
Уч кун давом этган ташриф доирасида меҳмонлар вилоятда таълим тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, таълим муассасаларида яратилган шарт-шароитлар ҳамда замонавий педагогик ёндашувлар билан яқиндан танишишди.

Ташрифнинг дастлабки манзилларидан бири Гулистон шаҳридаги 10-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти бўлди. Бу ерда меҳмонларга болаларнинг ҳар томонлама камол топиши учун яратилган муҳит, таълим-тарбия жараёнининг ташкил этилиши ва ёзги соғломлаштириш тадбирлари ҳақида маълумот берилди. Тарбияланувчилар томонидан намойиш этилган куй-қўшиқлар, бадиий чиқишлар ва ижодий дастурлар меҳмонларда илиқ таассурот қолдирди.


Айниқса, болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида йўлга қўйилган ижодий машғулотлар, интеллектуал ўйинлар ва ривожлантирувчи дастурлар юқори баҳоланди. Меҳмонлар бу каби ёндашувлар болаларнинг қизиқишлари ва қобилиятларини эрта аниқлаш ҳамда уларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.


Шунингдек, Қонликўл тумани мактаб директорлари Гулистон шаҳридаги 2-умумтаълим мактабида ташкил этилган касб-ҳунарга ўргатиш марказлари фаолияти билан ҳам танишишди. У ерда ўқувчилар учун яратилган имкониятлар, амалий машғулотлар жараёни ва замонавий ускуналар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.


Робототехника, тикувчилик, дизайн ва бошқа йўналишларда амалга оширилаётган лойиҳалар, ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ишлар ҳам алоҳида эътибор марказида бўлди. Меҳмонлар ўқувчилар томонидан тайёрланган ишланмалар билан танишиб, таълим жараёнида инновацион технологияларни қўллаш самарадорлиги хусусида фикр алмашдилар.


Ташриф давомида ихтисослаштирилган мактаблар фаолияти, иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш тизими, СТЕМ таълими ҳамда табиий фанларни ўқитишда қўлланилаётган замонавий методикалар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Бу тажрибалар меҳмонлар учун янги ғоя ва ташаббуслар манбаи бўлди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА