Мақсад – суд ҳокимиятини коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш
Маълумки, 2026 йилда мамлакатимиз суд тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича «фавқулодда ҳолат» эълон қилинганди. Президентимиз томонидан эса шу йил 8 июнда “Судларда комплеанс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг имзоланиши айни йўналишдаги эзгу мақсадларни янги босқичга олиб чиқишга замин яратди.
Эътироф этиш керак, бундан кўзланган асосий мақсадлар судларда коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни барвақт бартараф этиш, суд аппарати ходимларини ишга қабул қилиш жараёнини шаффоф тартиб-таомиллар ва очиқ танловга асосланган тарзда ташкил этиш, уларнинг салоҳияти, иқтидори, касбий сифатлари ҳамда алоҳида хизматларини одилона ва ҳаққоний баҳолаш (меритократия) асосида касбий ўстириш, суд тизимига жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш ва суднинг нуфузи ва обрўсини ошириш, суд органларини Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотларнинг кўмакчисига айлантиришдан иборат. Энг муҳими, суд ходимлари орасида коррупциянинг олдини олишга масъул бўлган Комплаенс назорат хизмати ташкил этилади. Мансаб даражасига эга бўлган суд ходимлари учун ихтисослашган хизмат кийимини жорий қилиш орқали уларнинг касб масъулиятини янада чуқур ҳис этишларига эришилади.
Аввало, Комплаенс назорат хизмати тизимда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш, коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш чораларини кўриб, суд ходимлари томонидан касб этикаси ва қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини мониторинг қилиб боради. Коррупция ва суд тизими обрўсига путур етказувчи бошқа ҳолатларнинг олдини олиш билан бирга суд аппаратига ишга қабул қилиш жараёнларида шаффофлик ва холисликни таъминлайди. Шунингдек, белгиланган тартибда суд аппарати лавозимларига номзодларни коррупцияга қарши текширувдан ўтказиб хулоса беради. Ходимларда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш, уларнинг бу борадаги билим ва кўникмалари узлуксиз ошириб борилишини мувофиқлаштиради. Энг эътиборлиси, суд аппарати ходимлари, улар оила аъзоларининг (турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандлари) даромадлари ва мол-мулки, шунингдек, манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини декларация қилиш тизимларини ишга тушириш ҳамда юритиш, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик ҳолатларига йўл қўймаслик чораларини кўради. Қолаверса, коррупция ҳолатлари ҳақида хабар берган ходимларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, пора таклиф этиш ҳолатлари ҳақида ходим томонидан хабар бериш тизимини, шунингдек, фуқаролар учун хавфсиз алоқа каналларини жорий этади.
Яна бир эътиборли ҳолат шуки, суд аппаратида коррупциявий хавф-хатар юқори бўлган лавозимлар рўйхатини тасдиқлаш, бундай вазифа ва функцияларни рақамлаштириш, уларни амалга оширишда инсон омилини камайтириш орқали ҳам кўзланган мақсадларга эришишдир.
Бундан ташқари, суд аппарати ходимларини ишга қабул қилишда муқаддам коррупцияга оид жиноятларни содир этишда суд томонидан айбдор деб топилган шахсларни ишга қабул қилиш, нотариус, адвокат, судья, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки бошқа давлат органи фаолиятида ножўя хатти-ҳаракатлари учун лавозимдан бўшатилган шахсларни уч йил мобайнида ишга қабул қилиш, педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланиш, тадбиркорлик субъектини таъсис этиш, унда ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажариш (бундан акциядорлик жамиятлари эркин муомалада бўлган акцияларига қонунчиликда белгиланган талаблар доирасида эгалик қилиш ҳоллари мустасно), ўз хизмат вазифаларини сиёсий партиялар, бошқа жамоат бирлашмалари, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар манфаатларини кўзлаб бажариш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очиш ва уларга эга бўлиш, кўчмас мулк ва бошқа мол-мулкка эгалик қилиш каби чекловлар ўрнатилади.
Тизимда HR-менежмент механизмларидан кенг фойдаланган ҳолда эса номзодларнинг шахсий ва касбий фазилатлари, шу жумладан, уларнинг маънавий-ахлоқий ва ҳалоллик сифатларини ҳаққоний баҳолаш имконини берувчи очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш тизими жорий этилади. Инсон ресурсларини бошқариш ва ривожлантиришда рақамли технологиялар, шу жумладан сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда вакант лавозимлар эълон қилинади. Судларга олий юридик маълумот ва илмий салоҳиятга эга бўлган кадрларни жалб қилишда республиканинг етакчи олий таълим муассасалари ҳамда Бошқарув самарадорлиги агентлиги билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги фармони орқали судьялар корпусида коррупцияга муросасизликни шакллантириш мақсадида 2027 йил 1 майга қадар Олий суд олдига суд аппарати ходимлари томонидан манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари ҳамда даромадлар ва мол-мулки тўғрисидаги декларацияни Олий судга тақдим этиш, шунингдек, уларни текшириш ва таҳлил қилишнинг автоматлаштирилган электрон тизимини, қолаверса, ходимлар фаолиятидаги коррупция, шубҳали схемалар ва интизом бузилишларига олиб келувчи бўшлиқларни аниқлаб, уларни бартараф этиш, ходимлар фаолиятини мониторинг қилиш имконини берувчи коррупциявий хавф-хатарларни бошқариш электрон ахборот тизимини ишга тушириш вазифалари ҳам қўйилди.
Албатта, Президент фармонида белгиланган эзгу мақсадлар ўз самарасини беради. Зеро, суд ҳокимиятини коррупциядан ҳоли тизимига айлантириш ҳамюртларимизнинг амалдаги қонунларимизга, Янги Ўзбекистонда кечаётган адолатли ва инсонпарвар сиёсатга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Шуҳрат КАМОЛОВ,
Хоразм вилоят суди раиси