Энергетик ёшларни бирлаштирган форум
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида “Оққуш” мажмуасида “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ташаббуси билан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ёшлар форуми бўлиб ўтди.
Унда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида энергетика соҳасида фаолият юритаётган ёш ходимлар иштирок этишди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси, сенатор Т.Худайбергенов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Аскаров сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик, уларнинг орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталишди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш масаласи – давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Хусусан, ўтган қисқа давр мобайнида ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор Қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани, ёшларимизнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва спорт билан шуғулланиши учун барча қулай шароитлар яратилгани, уларга тадбиркорлик йўналиши бўйича кўплаб имтиёзлар берилгани, барча соҳаларда ёшларнинг қўллаб-қувватланиши – буларнинг барчаси ёшларга қаратилаётган алоҳида эътиборнинг амалий ифодасидир.

Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор йўналишларидан бири бўлган энергетика соҳасида меҳнат қилаётган зукко, билимли ва замонавий фикрлайдиган умидли ёшлар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Айниқса, ёш мутахассисларнинг соҳага янги замонавий технологияларни жорий этиш ва аҳолини сифатли электр энергияси билан таъминлаш йўлидаги хизмати юксак қадрланади.

Албатта, "Ҳудудий электр тармоқлари" жамияти ташаббуси билан ўтказилган ушбу тадбир ёшлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларини янада мустаҳкамлашда, ўзаро фикр алмашиб, тажриба орттиришда, ўз билим ва кўникмаларини синовдан ўтказишда муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
Кун давомида “Ёш энергетиклар” учрашуви, ёшлар ўртасида стартап ва инновацион лойиҳалар тақдимоти, соҳанинг етакчи мутахассислари иштирокида очиқ мулоқот ҳамда маҳорат дарслари ўтказилди. Тадбирга ташриф буюрган ёш мутахассислар Оролбўйининг туристик салоҳияти, тарихий обидалари ҳамда қорақалпоқ халқининг бетакрор маданий мероси билан танишиш имконига эга бўлишди.

Бундан сўнг махсус павильонда мамлакатимизнинг барча вилоятларидан ташриф буюрган соҳа вакилларининг ҳудудий хусусиятлари акс этган бадиий чиқишлари томоша қилинди.
Шунингдек, форум доирасида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди. Унда Тошкент шаҳар Ҳудудий электр тармоқлари жамоаси биринчи, Тошкент вилояти Ҳудудий электр тармоқлари жамоаси иккинчи, “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти жамоаси учинчи ўринларни эгаллашди. Шунингдек, миллий либослар, урф-одатлари ва таомлар кўргазмаси, шахмат ва шашка мусобақалари ҳам юқори кўтаринкиликда ўтказилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири