Талабалар ўқув-амалий машқ майдонида бўлди
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг бир гуруҳ талабалари назарий ва амалий билимларини янада мустаҳкамлаш мақсадида “Навбаҳортумангаз” газ таъминоти бўлимида ташкил этилган ўқув-амалий машғулот майдонида бўлди.
Тадбир аввалида таъкидланганидек, ёшлар билим ва тажрибасини ошириш, уларни соҳага қизиқтириш ва келгусида ўз касбининг етук устаси бўлиб етишиш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Тадбир доирасида дастлаб “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали директори М. Нормаматов ёшлар билан учрашиб, уларнинг орзу-мақсадлари, интилишлари билан қизиқди.
Ёшлар билан учрашувдан сўнг, барча иштирокчилар ўқув-амалий машқ майдонидаги кўргазмали намуналар, газ ва газ жиҳозлари, уларнинг мақсади, фойдаланиш тартиби билан яқиндан танишди. Филиал раҳбари ва шаҳар, туман газ идораси бўлими масъуллари талабаларга газ анжомлари вазифасини тушунтириб берди.
Талабалар аҳолига табиий ва суюлтирилган газнинг етиб боришгача бўлган барча жараёнларини қамраб олган жиҳозлар ва техникалар кўргазмасини катта қизиқиш билан кузатди. Газ тақсимлаш қурилмаси, унинг ишлаш тартиби, электрон газ ҳисоблаш ускунаси, муаммо кузатилганда электрон газ ҳисоблаш ускунасида олиб бориладиган сим-карта батарейка алмаштириш, суюлтирилган газни заводдан истеъмолчи хонадонигача кириб бориш жараёнлари ва бошқа газ таъминоти билан боғлиқ намуналар кўрсатилди.

– Бугунги ўқув-амалий машқ майдонига бўлган саёҳатимиз унутилмас бўлди, – дейди университетнинг 4-босқич талабаси Билол Эгамбердиев. – Газ соҳаси жуда қизиқарли ва шу билан бирга масъулиятли иш эканлигини билдим. Айниқса, электрон газ ҳисоблаш ускунасининг ишлаш тартиби, маиший газ баллони ва уни аҳолига етказиш жараёнлари мен учун жуда қизиқ бўлди. Ўқув-амалий машқ майдонида ўзимиз учун жуда кўп назарий ва амалий билимларга эга бўлдик. Келгусида газ таъминоти соҳасида иш фаолиятимни олиб боришни ният қилдим.

Албатта, дуал таълимни ривожлантириш, олий таълим ва корхона, ташкилотлар ўртасида бу каби ҳамкорликни йўлга қўйилиши соҳага изланувчан, касбга меҳрли ёшларни кенг жалб этиш ва кадрлар салоҳиятини янада оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири