Бугунги имконият – эртанги муваффақият гарови
Ёшларнинг билим ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Айниқса, олийгоҳларда таҳсил олаётган ёшларнинг келгусидаги меҳнат фаолиятини тўғри йўналтириш, уларни иш берувчилар билан бевосита боғлаш, бизнес ғояларини амалга оширишга кўмаклашиш долзарбдир. Тошкент давлат аграр университетида шу мақсадларга қаратилган “Келажак тадбиркори – 2026” касб, бандлик ва тадбиркорлик имкониятлари ярмаркаси ўтказилди.
Тадбирда “Ўзмиллийбанк” АЖнинг “Келажакка қадам” маркази директори Элмурод Ҳошимов, Тошкент давлат аграр университети ректори Нарзулло Обломуродов, Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Нилуфар Нормирзаева, ҳамкор ташкилотлар масъуллари ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Ярмарка Президентимизнинг тегишли қарорлари ҳамда ҳудудларда аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар ижроси доирасида ташкил этилган. Унда Тошкент вилоятидаги олий таълим ташкилотлари ҳамда 100 га яқин етакчи корхоналар, ташкилот ва тадбиркорлик субъектлари қатнашди. Бу эса ёшларни турли соҳалардаги иш берувчилар билан юзма-юз мулоқот қилиш, меҳнат бозоридаги талаб ва таклифлар билан танишиш, ўз қизиқишлари ва мутахассислигига мос йўналишларни аниқлаш имконини беради.
Ярмарка доирасида ташкил этилган очиқ мулоқот давомида ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, истиқболли бизнес лойиҳаларини амалга ошириш ва молиявий имкониятлардан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари муҳокама қилиниб, уларни амалий қўллаб-қувватлаш чоралари кўриб чиқилди. Хусусан, ёшларнинг ўз бизнес лойиҳаларини рўёбга чиқариши, янги иш ўринларини яратиши ва даромад манбаини шакллантириши учун имтиёзли кредитлар ажратиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Иш берувчилар ўз фаолияти, мавжуд бўш иш ўринлари, ходимларга қўйиладиган касбий талаблар ва ишга жойлашиш имкониятлари ҳақида маълумот берди. Жараёнда Беларус–Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институти профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари ҳам фаол бўлди. Мазкур институт павильонида намойиш этилган экспонатлар ва технологик ишланмалар тадбир иштирокчиларининг қизиқишини уйғотди. Айниқса, кўп қаватли уйлар ҳовлисини смартфон орқали бошқаришга мўлжалланган қурилма ҳамда тупроқ намлигини электрон тарзда аниқлайдиган ускуна кўпчилик эътиборини тортди. Мазкур ишланмалар талабаларнинг назарий билимларини амалий ечимлар билан уйғунлаштириш, замонавий технологияларни кундалик ҳаёт ва ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этишга бўлган интилишини намоён этди. Иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилиш эса уларга касбий фаолият йўналишларини белгилаш, келгусидаги режаларини аниқлаштириш имконини берди.

– “Келажак тадбиркори – 2026” кўргазмаси биз учун катта имкониятлар эшигини очди, – дейди Беларус – Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институти иккинчи босқич талабаси Рухшона Райимжонова. – Бу ерда турли ташкилотлар фаолияти, замонавий касблар ва тадбиркорлик имкониятлари ҳақида кўплаб фойдали маълумотларга эга бўлдик. Энг қувонарлиси, Тошкент вилоятидаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган тенгдошларимиз билан танишиб, янги дўстлар орттирдик, фикр-мулоҳазалар алмашдик. Ўйлайманки, бундай тадбирлар олдимизга аниқ мақсадлар қўйиш, янги имкониятларни кашф этиш ва бугунги меҳнат бозори талабларини чуқурроқ англашимизга ёрдам беради.

Тадбир якунида Тошкент давлат аграр университети “Битирувчилар бандлигини таъминлашда фаол олийгоҳ” статуэткаси билан тақдирланди. Мазкур эътироф ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг муҳим натижаларидан биридир.
А.Мусаев, ЎзА