Жамоатчилик эшитуви: натижалар, таҳлил ва таклифлар
“Юксалиш” ҳаракатининг Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳамда халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 августдаги “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонуни ижросига бағишланган жамоатчилик эшитуви ўтказилди.
Унда вилоят Кенгаши депутатлари, Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармалари вакиллари, тегишли ташкилот ва идоралар мутасаддилари иштирок этди.

Жамоатчилик эшитувида қонун ижроси доирасида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ва жараёнда учраётган муаммолар атрофлича таҳлил қилинди.
– Бугунги кунда вилоят бўйича “Эътироф” автоматлаштирилган ахборот тизимига 21 727 та объект киритилган бўлиб, 11 048 та объект бўйича фуқароларнинг ҳуқуқлари эътироф этилган. Бу умумий кўрсаткичнинг қарийб 51 фоизини ташкил этади, – дейди Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Дониёр Нишонов. – Шунингдек, белгиланган тартибда тўловларни амалга ошириш ва тегишли қарорларни қабул қилиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Жумладан, назорат тадбирлари натижасида 6 976 та тўлов амалга оширилиб, 6 662 та кўчмас мулк объекти бўйича ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарорлари қабул қилинган.

Таҳлилларга кўра, фуқаролар мурожаатларида кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, кадастр маълумотлар базасига оид масалалар ҳамда мулкий ҳуқуқларни эътироф этиш жараёнини жадаллаштириш билан боғлиқ саволлар салмоқли ўрин тутади.
Шу муносабат билан тўловларни ўз вақтида амалга ошириш, ваколатли ташкилотлар томонидан хулосаларни белгиланган муддатларда тақдим этиш, маҳаллаларда аҳолига амалий кўмак бериш ва идоралараро ҳамкорликни янада кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Жамоатчилик эшитуви якунлари бўйича қонун ижросини таъминлаш ва фуқаролар учун мавжуд масалаларни ҳал этишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири