Талабалар иштирокидаги “Беш ташаббус олимпиадаси”га старт берилди
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг спорт мажмуасида И.М. Губкин (МТУ) номидаги Россия давлат нефть ва газ университети Тошкент шаҳридаги филиалининг “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг янги мавсумига старт бериш тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда филиал ижрочи директори, “И.М. Губкин” спорт клуби раиси Абдулла Магрупов сўзга чиқиб, спорт ёшларнинг жисмоний ва маънавий камолотида муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Қайд этилганидек, филиалда талаба-ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ҳар чоршанба “Спорт куни” сифатида белгиланган. “Беш ташаббус олимпиадаси” эса ёшларнинг спортга қизиқишини ошириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва улар учун соғлом рақобат муҳитини яратишга хизмат қилмоқда.
Очилиш маросимида фахрий меҳмон сифатида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи, оғир атлетика бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, Олимпия ўйинлари чемпиони, уч карра жаҳон рекордчиси, Осиё ўйинлари чемпиони, беш карра Осиё ва беш карра жаҳон чемпиони, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Руслан Нуруддинов иштирок этди.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги Оммавий спортни ривожлантириш бўлими бошлиғи Шерзод Олимов қатнашди.
[gallery-31618]
Тадбирда ёшлар учун спортдаги юқори натижаларга эришиш, мунтазам машғулот олиб бориш ва мусобақаларда фаол иштирок этишнинг аҳамияти ҳақида фикрлар билдирилди.
Маросимда Филиалнинг спорт соҳасида юқори натижаларга эришиб келаётган 22 нафар талаба-спортчиси алоҳида эътироф этилди.Улар кикбоксинг, дзюдо, самбо, таэквондо, футбол, бокс, кураш, баскетбол, каное, волейбол, енгил атлетика, оғир атлетика каби спорт турларида турли даражадаги мусобақаларда совринли ўринларни эгаллаб келмоқда.
Тадбир давомида талабаларнинг қиличбозлик ва самбо бўйича кўргазмали чиқишлари ҳам намойиш этилди. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Фахрий қоровул взводи ва бўлинмаларининг қўл жанги элементларини ўзида мужассам этган кўргазмали чиқишлари эса иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Тадбир доирасида “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг спорт мусобақаларига расман старт берилди. Талабалар югуриш, мини-футбол, волейбол ва стритбол бўйича беллашди.
Ҳамроз Баёнов,Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА