Талабалар иштирокида профилактик тадбир ўтказилди
Тошкент давлат тиббиёт университетида талаба-ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда наркотик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний, хусусан, онлайн савдосига қарши курашиш масалаларига бағишланган профилактик тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Тошкент шаҳар Олмазор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи, полковник Иброҳим Ҳасанов ҳамда бошқарманинг масъул ходимлари иштирок этди.

Анжуманни Тошкент давлат тиббиёт университетининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Т.Бобомуратов кириш сўзи билан очиб берди. Унда университетнинг 400 нафарга яқин талаба-ёшлари қатнашди.
Тадбир давомида киберхавфсизлик, интернет тармоғидан хавфсиз фойдаланиш, наркотик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний тарқалиши ҳамда онлайн савдосининг олдини олиш, шунингдек, ёшлар ўртасида содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси масалалари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.

Талабалар билан очиқ ва жонли мулоқотда мавзулар юзасидан саволларга жавоб қайтарилди. Талабалар томонидан ҳуқуқий хавфсизлик, интернетдаги таҳдидлар ҳамда наркотик ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олишга доир долзарб саволлар ўртага ташланди.
Мулоқот давомида мавзу юзасидан фаол иштирок этиб, долзарб саволлар берган 6 нафар талаба китоблар билан тақдирланди.

Бундай профилактик тадбирлар талаба-ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни турли салбий иллатлар ва ҳуқуқбузарликлардан асраш, шунингдек, интернет маконида хавфсиз ва масъулиятли хулқ-атвор кўникмаларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА